IPAF: Астанада молиявий барқарорликка янгича ёндашувлар тақдим этилди

IPAF: Астанада молиявий барқарорликка янгича ёндашувлар  тақдим этилди

Қозоғистон илк бор давлат активларини бошқариш компанияларининг Х юбилей саммити ва халқаро форумига мезбонлик қилмоқда. Астанага 19 мамлакатдан идоралар, марказий банклар, халқаро молия институтлари, инвестиция компаниялари вакиллари ва соҳа мутахассислари ташриф буюрди. Анжуманнинг бош мақсади – молия тизимлари барқарорлигини ошириш. Бош вазир ўринбосари - миллий иқтисодиёт вазири Серик Жуманғаринга кўра, Қозоғистон IPAF молиявий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш учун асосий майдончалардан бири, деб ҳисоблайди. У мамлакатда замонавий рақамли ечимлар жорий этилганини таъкидлади. «DMAS», «DBEX» ва «e-Qazyna» майдончалари рақамли активларни самарали бошқаришга ёрдам беради, сунъий идрок  технологиялари эса уларни баҳолаш ва молиявий таваккалларни баҳолашга хизмат қилади.

 

Серик Жуманғарин, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Миллий иқтисодиёт вазири:

- Муаммоли активлар билан боғлиқ юкламани камайтириш бизнесни кредитлашни бевосита рағбатлантиради. 2026 йилнинг биринчи ойларида корпоратив секторга берилган янги кредитлар ҳажми 14,8 фоизга ошди ва 8,9 триллион тенгега етди. Бизнесга берилган кредитларнинг умумий ҳажми 19 триллион тенгедан ошди. Қайта ишлаш саноати ва металлургияда сезиларли ўсиш кузатилмоқда, уларда фақат май ойида кредитлаш ҳажми 14,9 фоизга ошди.

 

Қозоғистон маблағларни муаммоли активлардан иқтисоднинг реал секторига қайтармоқда. Уларга ёндашув ўзгартирилди. Асосий эътибор нохуш ҳолларнинг оқибатларини бартараф этишга эмас, уларнинг олдини олишга қаратилган. Бу эса банклар балансини соғломлаштириш, капитал ажратиш имконини беради. Маблағ ишлаб чиқаришни, инфратузилмани ривожлантиришга, янги иш ўринлари яратишга йўналтирилади. Халқаро молиявий экспертлар бу ёндашувни самарали деб баҳолади. Қозоғистон тутган йўлни ўз мамлакатларида қўллаш ниятида.

 

Пегги Танг, Малайзия депозитларни суғурталаш корпорацияси мудоҳала ва тартибга келтириш бўйича мутахассиси:

- Биз Қозоғистонга ҳамкасблар тажрибасини ўрганиш, активларни бошқариш компаниялари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, илғор тажрибани ўзлаштириш учун келдик. Билимлардан мамлакатимизда, ушбу бозорни янада ривожлантиришда фойдаланишни режалаштирмоқдамиз.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.