2 миллиард доллардан ортиқ 27 та келишув: «Alatau City» роуд-шоуси якунлари

2 миллиард доллардан ортиқ  27 та келишув: «Alatau City» роуд-шоуси якунлари

2 миллиард доллардан зиёд сармоя киритиш ҳақида 27 та янги келишувга эришилди. Бу - «Alatau City» лойиҳасининг Европа роуд-шоуси натижалари. Қозоғистоннинг янги технологик шаҳри имкониятлари Лондон, Берлин ва Франкфурт-на-Майне шаҳарларида инвесторларга тақдим этилди. Германия компаниялари билан 700 миллион долларлик 18 та ҳужжат имзоланди. Сафарнинг якуний нуқтаси бўлган Франкфуртда лойиҳаларни банк томонидан молиялаштириш ҳамда Германия ускуналарини харид қилиш масалалари муҳокама қилинди. Ҳамкорлик саноат, муҳандислик инфратузилмаси, таълим, тиббиёт, туризм ва рақамли иқтисодиётни қамраб олади. Янги келишувлар «Alatau City»га узоқ муддатли капитални жалб қилиш билан бирга замонавий ишлаб чиқаришларни йўлга қўйишга қаратилган.

Қанат Бўзумбоев, Қозоғистон Республикаси   Бош вазири ўринбосари

- Алатау шаҳрида муҳандислик хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш, тиббий буюмлар ишлаб чиқариш, активларни токенлаштириш механизмларини жорий этиш, инвестиция бўйича маслаҳатлар беришни ривожлантириш масалалари ишлаб чиқилди. «Alatau City Bank» ва «Deutsche Bank», KfW каби немис ташкилотлари ўртасида яхши келишув ўрнатилди.

Марк Венчик, «AKA BANK» бош ижрочи директори, бошқарув кенгаши спикери:

- Катта имкониятлар, аввало, инфратузилма яратиш билан боғлиқ. Бундай лойиҳалар учун Германиядан олинадиган қўшма молиялаштириш механизмлари, масалан, "Bayterek" холдинги билан бирлаштирилиши мумкин. Биз «Alatau City» очаётган имкониятлар ҳақида немис саноатига янада кенг маълумот беришимиз керак. Бу дастурни амалга ошириш учун зарур маҳсулот етказиб берувчиларни, шаҳарни ривожлантиришга инвесторларни жалб қилиш имконини беради.

Абдумалик Сарманов таржимаси