Бугун Ақўрдада Осиё ўйинлари ва параўйинлар ғолиблари ҳамда совриндорлари тақдирланди. Қозоғистон Президенти спортчиларнинг Японияда бўлиб ўтган XX ёзги Осиё ўйинлари ва V Параосиё ўйинларида эришган юқори натижаларини қайд этди. Жами 130 дан ортиқ медаль олди, улардан 20 дан ортиғи энг юқори даражада.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Миллий терма жамоамиз фидойилиги туфайли Осиё ўйинлари майдонларида Ватанимиз мадҳияси янгради, осмон рангидаги байроғимиз баланд кўтарилди. Спортчиларнинг ҳар бир муваффақияти — мен учун ватанпарварлик тантанаси. Барча юртдошимиз сизни чин дилдан қўллаб-қувватлади. Сиз олиб келган мукофотлар барча қозоғистонликлар, айниқса, ёш авлод учун илҳом манбаи, қатъият ҳамда ғалабага бўлган ирода намунаси сифатида хизмат қилади. Ушбу тантанали лаҳзада Давлат раҳбари сифатида сизларга яна бир бор самимий миннатдорчилик билдирмоқчиман.
Президентнинг сўзларига кўра, мамлакатимиз спортчиларининг ғалабалари амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар руҳини акс эттиради. ХВЖ маълумотларига кўра, Қозоғистон ялпи ички маҳсулоти минтақадаги энг юқори кўрсаткичга - 398 миллиард долларга етди. «Ҳозир тўхташ мумкин эмас, салоҳиятни ошириш зарур», деди Қосим-Жўмарт Тўқаев. Келгуси йилда мамлакатимизда кенг кўламли умуммиллий қурилиш бошланади. Мактубда эълон қилинган «Халқ қурилиши» дастури доирасида барча ҳудудларда мактаблар, шифохоналар, маданият ҳамда спорт мажмуалари барпо этилади. Ижтимоий объектлар қозоғистонликларнинг кундалик ҳаётини сифат жиҳатидан ўзгартиради.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Дастур доирасида янги спорт иншоотлари ва инклюзив марказлар қурилади. Қозоғистондаги ҳар бир бола спорт билан шуғулланиш имкониятига эга бўлиши керак. Бу шунчаки ижтимоий лойиҳа эмас, балки стратегик сиёсий вазифа. Бўлажак чемпионлар мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам вояга етмоқда, уларнинг ҳар бирига тенг имкониятлар яратишимиз керак. Адолатли Қозоғистон ғоясининг пировард мақсади ҳам шундан иборат.
Мамлакатимизда спортни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги 5 йил ичида соҳага 616 миллиард тенгедан зиёд маблағ йўналтирилди. Ўтган йили қонунга киритилган тузатишлар тарзида спортнинг устувор турлари белгиланди. Бугунги кунда соҳа мамлакатларнинг глобал нуфузининг муҳим қисмига айланди. Қозоғистон спорт давлати сифатида ўз мавқеини мустаҳкамламоқда. Келгуси йилда у бокс, дзюдо, таэквондо, стол тенниси ва киберспорт бўйича жаҳон чемпионатларига мезбонлик қилади. Баҳорда пойтахтда УЕФА конгресси бўлиб ўтади. Қосим-Жўмарт Тўқаев спортчилар олдига тегишли вазифаларни қўйди. Хусусан, Лос-Анжелесдаги Олимпиадага тайёргарликни бошлаш зарур. «Унга барча даражада эътибор керак», деди Президент. Нафақат спортчилар, балки тегишли вазирлик ва спорт федерациялари ҳам жон куйдириши лозим. XX ёзги Осиё ўйинлари ҳамда V Параосиё ўйинларидаги юксак спорт ютуқлари учун Давлат раҳбари спортчиларга «Парасат» ва «Құрмет» орденлари ҳамда «Ерен еңбегі үшін» медалларини топширди.
Абдумалик Сарманов
таржимаси

