Қозоғистоннинг «SpaceLab» стартапи сунъий йўлдош соҳасида дунёнинг энг яхши компаниялари қаторида

Қозоғистоннинг «SpaceLab» стартапи сунъий йўлдош соҳасида дунёнинг энг яхши компаниялари қаторида

Қозоғистоннинг «SpaceLab» стартапи маълумотларни сунъий йўлдош орқали узатиш соҳасида дунёнинг энг яхши компаниялари қаторига кирди. Халқаро рейтингга киритилган Марказий Осиёнинг ягона вакили олтинчи ўринни эгаллади. Астана жамоаси берган лойиҳа табиий офатлар ҳақида олдиндан маълумот берувчи технологияси туфайли юқори баҳоланди. Ишланма мобил алоқа мавжуд бўлмаган чекка ҳудудларга мўлжалланган. Датчиклар сув ҳавзалари сатҳини назорат қилади, терминал маълумотларни сунъий йўлдош орқали узатади. Бу сув тошқинлари эҳтимоли ҳақида маълумот олиш, таҳдидга тезкор жавоб беришда қўл келади. Ундаги ускуналар муҳандислар жамоаси томонидан лабораторияда ишлаб чиқилди. Модемлар, антенналар, ҳимоя корпуслари яратилди. Деталлар 3D принтерда чоп этилди. Бунинг учун космик соҳа ва тиббий имплантлар ишлаб чиқаришда қўлланиладиган махсус полимердан фойдаланилди.


Даурен Аубакиров, SpaceLab ҳаммуассиси ва маҳсулот директори:


- Сув сатҳини ўлчовчи датчиклар ўрнатилмоқда. Агар сув кўтарилса, датчиклар маълумотларни сунъий йўлдош терминалларига, улардан сунъий йўлдошга узатилади. Сунъий йўлдош алоқа диспетчерларига, тегишли хизматларга хабар етказади. Маълумот телефонга келиши ҳам мумкин. Шу тариқа, тошқини юз бериши, одамлар эвакуация қилиниши зарурлиги ҳақида қарор қабул қилинади.


Арман Бекембаев, SpaceLab компанияси асосчиси ва директори:


- Биз жуда юклама мавжуд шароитда, масалан, табиий офат юз берган жойларда ишлай оладиган терминал ишлаб чиқдик. Бирорта сунъий йўлдошга уланиш имкони бўлмаса, бошқа қурилмага ўтиш мумкин. Терминал жуда пишиқ, + 85 дан - 40 даражагача бўлган ҳарорат, кучли силкинишларга бардош беради.


Ишланма мавжуд объектларда синовдан ўтказила бошлади. Битта терминал Алмати вилоятидаги сейсмик станцияга ўрнатилган, у ердан маълумотларни Сейсмология марказига узатади. Яна бири Ақтўбе вилоятидаги нефтни ўтказиб берувчи объектда ишлайди. У реал вақт тартибида фавқулодда вазиятлар марказига жўнатилган хомашё ҳажми бўйича маълумот юборади. Ҳозир жамоа ойига учтагача пилот лойиҳани ишга тушира олади. Мақсад — маҳсулотни серияли тартибда ишлаб чиқаришга ўтиш.

Абдумалик Сарманов таржимаси.