Лондондаги Алатау шаҳри тақдимотида 1 миллиард 300 миллион доллар қийматга эга тўққизта шартнома имзоланди. Буюк Британия пойтахтида Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг янги технологик марказини ривожлантиришга халқаро капитал жалб қилиш бўйича Европа роуд-шоуси доирасида инвестициявий давра суҳбати бўлиб ўтди. Лойиҳалар инфратузилмани ривожлантириш, Экстер университети, «Brighton College» ҳамда «Repton Group» иштирокида таълим марказларини ишга тушириш, шунингдек, «AstraZeneca» ва «Crescent Meditours» билан ҳамкорлик тиббиёт соҳасини ривожлантиришни ўз ичига олди.
Қанат Бўзумбаев, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари:
- Имзоланган ҳужжатлар дори-дармон ишлаб чиқаришдан шаҳар инфратузилмаси қурилишини молиялаштиришгача бўлган соҳаларни қамраб олади. Ғоялар кўп. Буюк Британиянинг тажрибаси катта. Биз жуда муҳим масалалар - таълим ҳамда илмий кластерни муҳокама қилдик. «Alatau City»да бир неча Британия университетлари ва мактаблар очишни режалаштирмоқдамиз.
Тақдимотда 70 дан ортиқ хорижий компания, банк ҳамда молия ташкилотлари қатнашди. Уларга «Alatau City» концепцияси ва унинг инфратузилма лойиҳалари, бизнес юритиш учун яратилган шароитлар кўрсатилди. Шаҳарни йирик технология, молия ҳамда логистика марказига айлантириш режалаштирилган. Инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Унда инглиз ҳуқуқига асосланган ҳуқуқий тартиб яратилиши кўзда тутилган. Эслатамиз, бугунги кунда «Alatau City» портфелида 7 миллиард долларлик 67 та лойиҳа мавжуд.
Роберт Мер, муҳандис /Буюк Британия/:
- Амалга оширилган иш кўлами ҳайратланарли. Ҳукуматнинг ушбу ташаббусни амалга оширишда, хусусан, Бош вазир ўринбосари даражасида фаол иштирок этиши халқаро ҳамкорлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Лойиҳа истиқболли ва уни амалга ошириш учун кўп ишлар қилинмоқда. Ҳуқуқ ҳамда солиқ базаси шакллантириляпти, валютани тартибга солиш ва божхона жараёнлари масалалари ишлаб чиқиляпти. Буларнинг барчаси хорижий инвесторлар учун ишончли ва шаффоф шароитлар яратиш имконини беради.
Гарри Доббс, «Alatau City» ривожлантириш кенгаши аъзоси:
- "Alatau City" бизнес учун жозибадор нуқта, Қозоғистон билан Марказий Осиёга ўзига хос кириш эшиги бўлиши мумкин. Инвесторлар ишончини мустаҳкамлашга қаратилган махсус иқтисодий зона алоҳида ўрин тутади. Концепция асосида очиқлик ва бизнес иштирокчилари учун тенг имкониятлар ётади.
Шунингдек, Лондон жамғарма биржаси, «J.P. Morgan», «Société Générale», Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакиллари билан музокаралар ўтказилди. Томонлар «Alatau City»нинг энергетика ва транспорт соҳасидаги асосий лойиҳаларини молиялаштиришни муҳокама қилди. Эслатамиз, Қозоғистоннинг янги рақамли шаҳрини тарғиб қилиш бўйича Европа роуд-шоуси Лондондаги учрашув билан очилди. «Alatau City»нинг кейинги тақдимотлари Германияда бўлиб ўтади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

