Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари олимлари маълумотлар, экологик тадқиқотлар натижаларини ўзаро тезкор алмашиш ҳамда иқлим ўзгаришини кузатиш имкониятига эга бўлади. Уларга янги рақамли платформа ёрдам беради. Астанада минтақа учун пилот иқлим платформаси концепцияси тақдим этилди. У инвесторлар топиш ва экологик лойиҳаларга маблағ жалб қилишга ёрдам беради. Уни ривожлантириш учун «Astana Hub» ва халқаро илмий ташкилотларни жалб этиш режалаштирилган.
Бахит Есекина, «Green Academy» илмий-таълим маркази директори:
- Платформамиз доирасида метанни камайтириш учун илғор рақамли технологиялардан фойдаланишни таклиф қиламиз. Бу иқтисодиётнинг барча соҳаларида биоёқилғини ривожлантириш, эмиссия мониторинги яхшиланаётганини кўрсатиш учун керак. Ушбу платформа доирасида иккита пилот лойиҳа тайёрладик. Биринчиси: Кўнаев номли институт кончилик бўлимининг тоғ-кон саноатида чиқиндилар мониторингини такомиллаштириш лойиҳаси. Иккинчиси: углеродли деҳқончилик учун биоёқилғи ишлаб чиқариш технологиялари бўйича Қозоғистон лойиҳасини тайёрлаган «Sagda-Ai» Канада-Қозоғистон қўшма компанияси.
Илм-фан ва технологиялар Астанадаги Президент марказида ўтказилган анжуман мавзуларидан бирига айланди. Марказий Осиё олимлари ҳамда экспертлари иқлим ўзгаришлари, илмий тадқиқотлар ва минтақанинг барқарор ривожланиши учун ечимларни муҳокама қилди. Учрашув Бутунжаҳон фан кунига бағишланди.
Мақсат Байбеков, ЮНЕСКОнинг Алматидаги минтақавий ваколатхонаси ижтимоий ва гуманитар фанлар соҳасидаги дастурлари раҳбари:
- Бундай масалаларни ҳал этиш учун, биринчидан, минтақадан кооперация, илмий ҳамкорлик талаб этилади. Иккинчидан, илмий асосланган қарорлар керак. Чунки ҳар қандай қарор қандайдир далилларга асосланиши зарурлигини тушунамиз. ЮНЕСКО бу масалада кооперация, мен ҳар доим такрорлаганимдек, илмий ҳамкорлик масалаларини ва, албатта, замонавий технологиялардан ахлоқ доирасида фойдаланиш тамойилларини жуда фаол илгари сурмоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

