Қозоғистон хорижий ҳамкорлар билан инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиради

Қозоғистон хорижий ҳамкорлар билан инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиради

Қозоғистон халқаро сармоявий алоқаларни кенгайтириш, хорижий ҳамкорларни кенг кўламли инфратузилма ва саноат лойиҳаларига жалб этиш ниятида. Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди Астанадаги дипломатик корпус учун ўтказилган брифингда шу ҳақда гапирди. Тадбир Президент Мактубининг асосий бандларини тушунтиришга бағишланди. Ташқи сиёсат идораси раҳбари мамлакат хорижий капитални жалб қилиш, қўшма корхоналар ташкил этиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, илғор технологиялар алмашишдан манфаатдор эканини таъкидлади. Умуман олганда, 2029 йил охиригача инфратузилмани модернизация қилиш учун Миллий жамғармадан 6,5 триллион тенге ажратилади.

Мухтар Тлеуберди, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири:

- Ўзаро манфаатдорлик тамойилидан келиб чиққан ҳолда, Қозоғистон "Халқ қурилиши" дастури доирасида узоқ муддатли режалаштириш ва йирик шартномалар тузиш, инвестицияларни институционал ҳимоя қилиш, шунингдек, Евроосиё қитъаси бозорларига чиқиш имкониятига эга ишлаб чиқариш ҳамда инвестиция майдончасини таклиф этади. Мамлакатларингиздаги Қозоғистон элчиларига ҳар бир инвестиция лойиҳасини дастлабки музокаралардан бошлаб, Қозоғистонда тўлиқ локаллаштиришгача, рўёбга чиқаришни мониторинг қилиб, манзилли, шахсан қўллаб-қувватлаш топширилди.

Дипломатлар Қозоғистоннинг қатор соҳалари сармоявий жиҳатдан жозибадорлигини таъкидлади. Улар орасида муҳим материаллар, саноат ва транспорт соҳалари бор. Халқаро молия институтлари ҳам Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Мактубида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқаришни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Жорий йилда Жаҳон банки Қозоғистон билан ҳамкорликнинг янги стратегиясини қабул қилди. У иқтисодиётнинг асосий соҳаларига, шу жумладан, энергетика, рақамли технологиялар ҳамда сунъий идрокка сармоя киритишни назарда тутади. Ташкилот вакиллари инвестиция ташаббуслари бўйича қатор учрашувлар ўтказди. Жаҳон банки, шунингдек, Қозоғистоннинг иқтисодий ислоҳотларини молиялаштириш ва халқаро экспертиза билан қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлади.

Андрей Михнев, Жаҳон банкининг Қозоғистон ва Туркманистондаги доимий вакили:

- Мен жуда яхши эслаб қолган бир нарса - Мактубда нафақат давлат маблағларидан фойдаланиш, балки кўпроқ хусусий капитал жалб қилиш зарурлиги айтилган. Одамларнинг сармоясини сафарбар этиш олдимиздаги вазифаларни рўёбга чиқаришда жуда муҳим омил. Муҳим бўлган яна бир нарса. Асосийси фақат инвестициялар ҳажми эмас, уларнинг самараси, янги иш ўринларини яратувчи ишлаб чиқаришларга, активларга сарфланиши. Менимча, бу жуда аҳамиятли. Умид қиламанки, Ҳукумат билан биргаликда ишлаймиз, уни рўёбга чиқаришга ёрдам берамиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси.