Туркманистон ва Хитой иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни ишга тушириш ниятида. Бу масалалар Шанхайда икки мамлакат давлат тузилмалари ва тадбиркор доиралари вакиллари иштирокида ўтказилаётган бизнес-форумда муҳокама қилинмоқда. Музокаралар якунида ҳамкорликка оид қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган. Томонлар нефть-газ соҳасини ривожлантириш имконияти, қурилиш, транспорт салоҳиятини кўриб чиқяпти. Қишлоқ хўжалиги учун сув тежовчи технологиялар ҳамда бошқа инновациявий ечимларга ҳам эътибор қаратиляпти. Туркманистон Хитой халқаро импорт кўргазмасида иқтисодий имкониятларини намойиш этмоқда. Миллий павильонда Туркманистон компанияларининг маҳсулотлари билан бирга инвестиция лойиҳалари намойиш қилиняпти.
Сюй Епин, кўргазма масъул котиби:
- Кўргазма Евроосиё минтақаси мамлакатлари, биринчи навбатда, Марказий Осиё давлатлари билан иқтисодий ва техник ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган. Шу кунга қадар биз тўққизта "Хитой - Евроосиё" кўргазмасини муваффақиятли ўтказдик. Туркманистон Савдо-саноат палатаси билан имзоланган битим Хитойнинг янада кўпроқ корхоналари мамлакат бозорига киришига имкон беради. Саноат ҳамда юқори технологиялар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш учун Туркманистон компанияларини Хитойга жалб этишни режалаштирганмиз.
Торбен Сол, БМТ Тараққиёт дастурлар харидлари бўйича директор ўринбосари:
- Мен кўргазмага турли стендлар билан танишиш учун келдим, улардан бири - Туркманистон экспозицияси. Бу ерда намойиш этилган маҳсулотларнинг хилма-хиллиги, тақдим этилиши катта таассурот қолдирди. Бу Туркманистоннинг салоҳияти ҳамда умумий ёндашувини, шунингдек, мамлакат дунёга нима таклиф қилиши мумкинлигини кўрсатади. Кўргазмада бўлиш, ушбу стендни кўриш ва Туркманистон тақдим этиши мумкин бўлган турли хил таклифларни кўриш имкониятига эга бўлганимдан жуда хурсандман.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

