Германиянинг етакчи «Handelsblatt» нашрида Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг мақоласи чоп этилди. Унда Президент 30 йилдан зиёд вақт давомида Қозоғистон ва Германия стратегик шерикликнинг мустаҳкам асосини қурганини таъкидлаб ўтган. Унинг замирида конструктив сиёсий мулоқот, барча эришилган келишувларнинг изчил амалга оширилиши туради. Бугунги кунда Германия юртимиз учун асосий савдо ҳамкори ва йирик инвестор ҳисобланади. Давлатларни халқаро ҳуқуққа содиқлик ва иқтисодий манфаатлар муштараклиги бирлаштиради. Ўтган йили ўзаро савдо ҳажми 9 миллиард долларга яқинлашди. Президент Қозоғистон экспортини диверсификация қилиш орқали бу кўрсаткични янада ошириш мумкинлигини айтиб ўтган. Қозоғистон Германия бозорига яна 80 дан ортиқ турдаги қайта ишланган маҳсулот етказиб бера олади. Қосим-Жўмарт Тўқаев уқтирганидек, Германияга ташриф стратегик ҳамкорликнинг янги саҳифасини очиш имкониятини беради. Астана Берлинга транспорт-логистика, рақамлаштириш ҳамда стратегик муҳим материаллар соҳаларида бирга ишлашни таклиф қилмоқда. Европа иқтисодиёти учун муҳим 34 та хомашё туридан 21 таси Қозоғистонда чиқарилади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Биз германиялик ҳамкорларга маҳсулот етказиб беришни кафолатлаш, биргаликда геологик қидирув ва қазиб олишдан қайта ишлаш, бутловчи қисмлар чиқариш, материаллардан қайта фойдаланишгача бўлган ишлаб чиқариш занжирлари яратишни таклиф этамиз. Муносабатларда энергетика алоҳида ўрин тутади. Қозоғистон Европа Иттифоқи нефть импортининг 13 фоизини, табиий ураннинг 20 фоизини таъминлайди. Айни пайтда, ўзини ишончли ва барқарор энергия етказиб берувчи ўлароқ намоён қилган. 2025 йилда Германияга 10 миллион тоннадан зиёд нефть етказилди. Биз мавжуд транспорт имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, бу вазифани масъулият билан бажаришга тайёрмиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси

