Қозоғистонда етакчи хорижий олий ўқув юртларининг янги филиаллари очилади. Мамлакат олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришда давом этмоқда. Фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбек ва университет вакиллари Семейда Австралиянинг Мёрдок университети филиалини очиш имкониятини муҳокама қилди. Томонлар Шакарим университети ва Мёрдок университети ўртасидаги меморандумни имзолади. Ҳужжат қўшма таълим ва илмий лойиҳаларни ривожлантириш, талабалар ва ўқитувчиларнинг академик мобиллигини таъминлаш, шунингдек, мутахассислар тайёрлаш дастурларини ишлаб чиқишни назарда тутади. Бундан ташқари, Қозоғистон Япония ва Жанубий Корея университетлари билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда. Хусусан, Токиодаги Metropolitan University ва БМТ университети билан. Алатау шаҳрида эса Жанубий Кореянинг етакчи технологик университетларидан бири - KAIST кампуси қурилиши режалаштирилган. Бу сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва муҳандислик соҳасида мутахассислар тайёрлашни кенгайтириш имконини беради. Айни вақтда, Қозоғистон олий ўқув юртлари Жанубий Кореянинг бошқа университетлари билан икки томонлама диплом дастурларини ишлаб чиқмоқда. Шу жумладан, компьютер фанлари бўйича дастур амалга ошириляпти, сунъий интеллект ва ахборот хавфсизлиги бўйича дастур тайёрланяпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

