Ўтган йили Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги товар айланмаси 95
миллиард долларни ташкил этди. Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳридаги
Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида Қозоғистон Бош вазири Ўлжас
Бектенов таъкидлашича, жорий йилда бу кўрсаткич 7 фоизга ўсади,
102 миллиард долларга етади. Йиғилишда ЕОИИ ички бозорини
ривожлантириш, рақамли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўрилди. Ўлжас
Бектенов фикрича, ташқи таҳдидлар шароитида алоқаларни
мустаҳкамлашнинг аҳамияти ортади. Йиғилиш якунлари бўйича 6 та ҳужжат имзоланди. Улар
орасида электрон савдо тўғрисидаги шартнома ҳам бор.
Жанел Кушукова, Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазири ўринбосари:
- Ушбу йиғилишда муҳим ҳужжатлар қабул қилинди, улардан
энг муҳимларидан бири брокерлар ва дилерларга тегишли. Келишув
ташкилотга аъзо давлатларда молиявий бозорларни шакллантириш мақсадида амалга
оширилмоқда. Яъни, эндиликда брокерлар ва дилерлар Евроосиё иқтисодий
иттифоқига аъзо давлатларда ҳам фаолият юритиши мумкин.
Қозоғистон озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришни комплекс мониторинг
қилиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади. Бу соҳада мамлакатимизнинг экспорт
салоҳияти ошган. 2025 йилда чорвачилик ва зироатчилик, тайёр
озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми қарийб 7 миллиард долларни ташкил
этди. Унинг ярми қайта ишланган маҳсулотларга тўғри келади. Бунда
буғдой экспортининг улуши катта.
Назгүл Хатепова, Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари:
- Ўтган йили биз
25,9 миллион тонна дон етиштирдик. Натижада,
буғдой экспорти бўйича дунёдаги илғор ўнликдан жой олдик. Умуман олганда, биз Eвроосиё Иқтисодий иттифоқи доирасида дон, мойли экинлар, ун, макарон маҳсулотлари
каби асосий озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берувчи давлатлар қаторидамиз.
Абдумалик
Сарманов таржимаси.

