Қозоғистон ва Туркия президентлари Анқарада музокаралар ўтказди

Қозоғистон ва Туркия президентлари Анқарада музокаралар ўтказди

Анқарадаги Президент саройида Қосим-Жўмарт Тўқаевни тантанали кутиб олиш маросими бўлди. Қозоғистон Президенти Туркияга расмий ташриф билан келди. Давлат раҳбари шарафига фахрий қоровул саф тортди, кортежни отлиқ гвардия кузатиб борди. Қосим-Жўмарт Тўқаевни Ражаб Тойип Эрдўған кутиб олди, сўнгра икки давлат мадҳиялари янгради, тўплардан 21 та ўқ узилди.

Икки мамлакат етакчилари тор ва кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Туркия Президентига самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, яқинлашиб келаётган Республика куни билан табриклади. Ражаб Тойип Эрдўған Қозоғистон-Туркия ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш ниятини тасдиқлади. Муносабатлар абадий дўстлик ҳамда кенгайтирилган стратегик шериклик руҳида ривожланаётганини тилга олди. Қозоғистон Президенти мамлакатлар ўртасида ҳеч қандай зиддият йўқлигини таъкидлади. Томонлар икки томонлама ва халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирини доимо қўллаб-қувватлаб келмоқда. Музокараларда савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Эслатамиз, Туркия Қозоғистоннинг энг йирик бешта савдо ҳамкорларидан бири, мамлакатлар маҳсулот айирбошлаш ҳажмини 15 миллиард долларга етказиш ниятида. Тарафлар транспорт, логистика, энергетика, сунъий идрок, агросаноат мажмуаси, мудофаа саноати соҳаларини «истиқболли» деб атади, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.