Қозоғистонда шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш талаблари кучайтирилди

Қозоғистонда шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш талаблари кучайтирилди

21 сентябрдан бошлаб, Қозоғистонда шахсий маълумотлар билан ишлаш қоидалари ўзгаради. Ташкилот қанчалик кўп маълумот сақласа, шу қадар юқори даражадаги ҳимояни таъминлаши керак. Гап ҳар куни хизматларга узатиладиган шахсий идентификация рақами, телефон рақами, фотосуратлар, банк реквизитлари ва бошқа маълумотлар ҳақида бормоқда. Операторлар уч тоифага бўлинади: кичик, ўрта ва йирик. Беш юз минг ва ундан зиёд маълумот олганлар учун энг қатъий меъёрлар кўзда тутилган. У тизимлар ҳимояланганлигини баҳолаши, киберхавфсизликни мониторинг қилиши керак. Қўшимча ҳимоя чоралари юз мингдан зиёд маълумотларга эга бўлган чекланган базаларга ҳам мўлжалланган. Шу жумладан, фойдаланувчилар идентификация ва аутентификациядан ўтиши керак. Хавфсизликка таҳдид туғилса, оператор ваколатли органга бир иш куни ичида хабар бериши шарт.


Екатерина Смишляева, Қозоғистон Республикаси Қурултойи депутати:

- 10 мингтагача ва 10 мингдан 500 мингтагача ёзув сақлайдиган ўрта ва кичик операторлар ҳеч қандай реестрга кирмайди. Улар фаолият юритиш мобайнида ҳар бир иши ҳақида хабарнома юбориши шарт эмас, лекин бу уларни ушбу маълумотларни ҳимоя қилиш масъулиятидан озод қилмайди. Ўрта операторлар учун талаблар бироз юқори. Кичик ташкилотларга асосий талаблар қўйилади, холос.


Умитжан Ариқбекова, Қозоғистон Республикаси Сунъий идрок ва рақамли тараққиёт вазирлиги Ахборот хавфсизлиги қўмитаси раиси:


- Бизда узоқ вақтдан буён шахсий маълумотларга кириш назорати бўйича майдонча ишлаб турибди, ҳар бир киши «е-гов»га кириб, унинг қайси шахсий маълумотлари қайта ишланишини ва шахсий маълумотларни ким, қайси ташкилот олаётганини кўриши мумкин. Айтайлик, агар сиз кириб, баъзи банклар ёки ташкилотлар шахсий маълумотларингизга кириш имкониятига эгалигини кўрсангиз, компания олдида ҳеч қандай мажбуриятингиз йўқлигини билсангиз, тугмачани босасиз ва шахсий маълумотларингизни қайтариб оласиз. Бу хизмат анча вақт илгари иш бошлаган.


Эслатамиз, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш Конституциянинг 21-моддасида белгиланган. У шахсий ҳаёт дахлсизлигини кафолатлайди ва ахборотдан ноқонуний фойдаланишдан ҳимоя қилади. Янги қоидалар ташкилотлар масъулиятини кучайтиради. Қозоғистонликлар нафақат маълумотларни қаерга узатиш, балки уларни қандай ҳимоя қилишни ҳам биладилар.


Абдумалик Сарманов таржимаси