Индонезия қозоғистонликлардан виза талаб қилмайди

Индонезия қозоғистонликлардан виза талаб қилмайди

Қозоғистон БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессиясининг юқори даражадаги ҳафталигида миллий ва минтақавий ташаббусларни кўтариб чиқади. Анжуман 22 сентябрдан 28 сентябргача Нью-Йоркда бўлиб ўтади. Мамлакат делегациясига Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди бошчилик қилади. Мунозараларда у Қозоғистоннинг тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, ядровий қуролсизланиш, Марказий Осиё ва Афғонистондаги барқарорлик, сув ва экологик хавфсизлик, иқлим ўзгариши, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва БМТни ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратади. Янги технологияларни, сунъий идрокни тартибга солиш ва уни масъулиятни ҳис қилган ҳолда ривожлантириш долзарб мавзулар сирасига киради.


Жанбўлат Усенов, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили:


- Қозоғистон учун юқори даражадаги ҳафталик миллий-минтақавий ташаббусларни илгари суриш, икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда глобал ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича қўшма қарорлар ишлаб чиқиш учун муҳим. Ташриф дастурида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув, шунингдек, БМТга аъзо давлатлар ташқи сиёсат идоралари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва хорижий бизнес вакиллари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши кўзда тутилган.




Ташқи ишлар вазирлигида қозоғистонликлар учун бир неча давлатга кириш, яшаб туриш бобидаги янги шартлар ҳақида ҳам маълум қилинди. Индонезияда фуқароларимиз учун 30 кунлик муддатга визасиз тартиб жорий қилинган. Таиланд эса муддатни 60 кундан бир ойгача қисқартирди. Сентябрь ойидан бошлаб, Грузияда янгиланган талаблар жорий этилади. Улар тегишли рухсатномасиз ишлаётган хорижликларга тааллуқли. Қозоғистонликлар эса виза олмаса ҳам 365 кун яшай олади.


Абдумалик Сарманов таржимаси