Қозоғистон ҳамда World Aquatics сув спорти соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда. Ақўрдада бўлиб ўтган учрашув чоғида Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Халқаро федерация раҳбари Ҳусайн ал-Мусаллам шериклик истиқболларини муҳокама қилди. Давлат раҳбари сув спорти турлари қозоғистонликлар орасида оммалашаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, мамлакатда ушбу соҳани ривожлантиришдаги кўмаги учун федерацияга миннатдорлик билдирди. Президент қозоғистонлик спортчилар халқаро майдонда мамлакатимизни муносиб тақдим этаётганини айтиб ўтди. Дмитрий Баландин Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида олтин медални, Адилбек Мусин 2022 йилги Осиё ўйинларида бронза медални қўлга киритгани муҳим ютуқлардан бўлди. Қосим-Жўмарт Тўқаев, шунингдек, Қозоғистонда спорт инфратузилмаси равнақ топиб бораётгани, оммавий ва профессионал спорт учун барча шароитлар яратилаётганини алоҳида тилга олди. Бу янги чемпионлар авлодини тарбиялаш, халқаро турнирларга мезбонлик қилиш учун замин ҳозирлайди. Ўз навбатида, Ҳусайн ал-Мусаллам сув спорти турларини ривожлантиришда Қозоғистоннинг салоҳиятини юқори баҳолади. Соҳага қўшган муносиб ҳиссаси учун давлат раҳбари меҳмонни II даражали «Дўстиқ» ордени билан мукофотлади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

