Астанада халқаро давра суҳбати иштирокчилари халқаро медиация ривожи ва зиддиятларни тинч йўл билан ҳал этиш масалаларини муҳокама қилди. Тадбир Парламентаризм институти майдончасида бўлиб ўтди, давлат органлари, халқаро ташкилотлар, илмий ҳамжамият вакиллари ҳамда профессионал медиаторларни ўзида жамлади. Экспертлар превентив дипломатия механизмларини, давлатлараро ишончни мустаҳкамлаш ва халқаро хавфсизликни таъминлашда воситачилик ролини кўриб чиқди. Улар айтгани каби, Қозоғистон халқаро мулоқотга ҳисса қўшишда, музокара майдончаларини ташкил этишда яхшигина тажрибага эга. Беқарор геосиёсий вазият асносида бу каби ташаббуслар долзарблиги ортиб боради. Яқинда эълон қилинган Мактубида Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлаганидек, дунёдаги ҳозирги вазият совуқ уруш йилларидагидан ҳам мураккаброқ ва нима бўлишини олдиндан билиш имконсиз. Бундай шароитда халқаро ҳамкорликнинг ихтилофларга барҳам бериш, ядровий қуролсизланишни илгари суришга хизмат қилувчи янги форматларини равнақ топтириш алоҳида аҳамият касб этади. Учрашувда кўриб чиқилган асосий ташаббуслардан бири Қозоғистонда Халқаро медиация марказини барпо этиш бўлди.
Жамаладен Ибрагимов, ЕМУ конституциявий ва фуқаролик ҳуқуқи кафедраси профессори:
- Ўйлайманки, умуман олганда, Медиация институтини келгусида ҳам ривожлантириш, такомиллаштириш учун кўплаб янгича шаклларни ишлаб чиқиш, очиб бериш керак бўлади, менимча, шундай шакллардан бири - айни шу лойиҳа доирасидаги медиацияни ривожлантириш бўйича халқаро ташкилот. Махсус майдонча яратиш ўйланяпти, унда экспертларимиз, медиаторимиз, олим ва ҳуқуқшунослар аниқ маконга эга бўлиши, ўзаро фикр алмашиши, қонун лойиҳаларини ишлашда қатнашиш имконини қўлга киритиши мумкин.
Шўлпон Саймова, Парламентаризм институти ижрочи директори, PHD:
– Бугунги кунда Қозоғистон ҳозирги даврда мавжуд бўлган глобал таҳдид-чорловларни ҳал қилишда, муҳокама этишда арбитр ҳисобланади. Медиация бугунга келиб Қозоғистонда анча яхши ривожланган, унга доир алоҳида мустақил қонун мавжуд, аммо ҳозирги вақтда халқаро медиация равнақ топиши даркор, деган масала кўриб чиқилиши лозим эди. Биргина жорий йилнинг ўзида фуқаролик ишлари бўйича юз мингдан зиёд масала кўриб чиқилди, улар медиация воситасида ҳал этилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

