Қозоғистон хорижий бизнес учун имкониятларни кенгайтирмоқда

Қозоғистон хорижий бизнес учун имкониятларни кенгайтирмоқда

Хорижий инвесторлар Қозоғистоннинг қайта ишлаш саноатига қизиқиш билдирмоқда. 2025 йилда соҳага киритилган инвестиция ҳажми қазиб олиш соҳасига киритилганидан ошди. Нефть-газ секторининг иқтисоддаги улуши 2019 йилдаги 38 фоиздан 2025 йилда 8 фоизгача камайди. Бу маълумотлар 109 та йирик компания ўртасида ўтказилган сўровномага асосланган "Қозоғистон: инвестиция навигатори - 2026" тадқиқотида келтирилган. Жозибадор йўналишлар қаторида транспорт, энергетика ва рақамли технологиялар ҳам бор. Қозоғистон, шунингдек, хорижий сармояларни жалб қилиш бўйича Марказий Осиёда етакчи.

Рустам Журсунов, Қозоғистон Инвесторлар ҳамжамияти бошқаруви раиси:

- Маълумки, ҳозир ўта муҳим металларга қизиқиш катта. Энергетика ва IT ҳам унга боғланган, деган бўлардим. Нега? Чунки бу - маълумотларни қайта ишлаш марказлари яратиш масалалари. Ҳозир энергетикани кўпчилик иккинчи нефть, дейди. Табиийки, ишлаб чиқариш саноатида ҳам етарли даражада юқори салоҳият бор, бу ҳақда Давлат раҳбари ҳам айтганди. Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, тоғ-кон ускуналарини кўрсатиш мумкин.

Яна бир истиқболли йўналиш - хомашёни чуқур қайта ишлаш. Қозоғистонда  аминокислоталар ишлаб чиқарилмоқда, пахта асосидаги тўқимачилик кластери очилди. Янги лойиҳаларда ҳар бир минтақанинг имкониятлари ҳамда иқтисодий салоҳиятини ҳисобга олиш муҳим. Бу маҳаллий хомашё асосида ривожланиш сари йўл очади.

Александра Молчановская, консалтинг компанияси директори:

- Бизда АХММ, махсус иқтисодий зоналар бор. Инвесторларни жалб қилиш ва қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилган. Энг юқори даражадаги стратегик мулоқотдан тортиб, юзага келадиган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этишгача имкон бор. Асосий капиталга инвестициялар киритиш жадаллашмоқда. Ўтган йили унинг ҳажми 23,5 триллион тенгега, йиллик ўсиш эса деярли 17 фоизга етди.

Инвесторлар учун минтақалар имкониятлари ҳамда ривожланган инфратузилма: йўллар, муҳандислик тармоқлари ҳамда барқарор энергия таъминоти ҳам муҳим. Шу боис, Президентимиз 2027 йилни "Бутунхалқ катта қурилиш йили" деб эълон қилди. Ташаббус инфратузилмани янгилаш, ишлаб чиқариш учун шароит яратиш, инвестицияни жалб қилишга қаратилган. Бунда иш сифати ўта муҳим. Натижалар инвестициялар ҳажми, иқтисод ва аҳоли учун келтириладиган фойда бўйича баҳоланади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.