Астанадаги Президент марказида миллий байрам - Республика куни арафасида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Қурултой депутатлари, сиёсатшунослар ва таҳлилчилар ислоҳотлар, уларнинг Қозоғистонни янада ривожлантиришга таъсирини муҳокама қилди. Мустақиллик йилларида мамлакатимиз катта ривожланиш йўлини босиб ўтди, дея таъкидлади экспертлар. Аммо олдинга интилишда давом этмоқ керак. Ислоҳотлар туфайли инсон капитали асосий устувор йўналишлардан бирига айланяпти. Бу янги Конституцияда ҳам ўз аксини топган, унда инсонга, унинг билими ва интеллектуал салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, 1990 йилда қабул қилинган Давлат суверенитети тўғрисидаги декларациянинг тарихий аҳамияти муҳокама қилинди. Иштирокчилар босиб ўтилган йўлни тушуниш келажакдаги мақсадларни аниқроқ белгилашга ёрдам беришини таъкидлади.
Екатерина Смолякова, Қурултой депутати:
- 25 октябрь - Республика куни - Қозоғистоннинг асосий байрамларидан бири. 1990 йили шу кунда Давлат суверенитети тўғрисидаги декларация қабул қилинган. 1991 йил 16 декабрда эса мамлакат мустақиллигини эълон қилди. Бу саналар давлатимиз тарихида туб бурилиш бўлди. Ўтмишни эсларканмиз, келажак ҳақида ҳам ўйлаш ўта муҳим. Аввалги авлод мустақилликка эришди, кейин ўн йил давомида давлат институтларини яратиш ҳамда иқтисодиётни ривожлантириш орқали уни мустаҳкамлади. Энди суверенитет сифатини ошириш ва кейинги авлодларга янада кучлироқ мамлакатни топшириш вазифаси турибди. Бу мақсадлар 2026 йилда қабул қилинган янги Конституцияда ўз ифодасини топди. Унда Қозоғистонни ривожлантиришнинг асосий стратегик йўналишлари белгилаб берилган.
Абдумалик Сарманов
таржимаси

