Қозоғистонда «Starlink Mobile» технологияси асосида сунъий йўлдош орқали ишловчи мобиль алоқа ишга туширилди. Лойиҳа Астанадаги «AI & Digital Bridge» халқаро форумида тақдим этилди. Бунга давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг 2025 йилда АҚШга қилган расмий ташрифи чоғида имзоланган шартнома натижасида эришилди. У мобиль тармоқ билан қамраб олинмаган чекка ҳудудларда сунъий йўлдош билан бевосита алоқа ўрнатиш имконини беради. Хизматдан фойдаланиш учун махсус илова ишлаб чиқилган.
Жаббор Қаюмов, уяли алоқа холдинги Бош директори:
- Телефонингиздан ушбу тармоққа уланишингиз мумкин. Агар алоқа яхши бўлса, қўнғироқ қилиб кўра оласиз. Ундан фойдалана бошлаган аҳоли вакилари, блогерлар бор. Илон Маск номидан ваъда бера оламанки, орбитадаги сунъий йўлдошлар сони кўпайгани сайин «Direct to Cell» ва «Direct to Mobile» технологиясига асосланган ушбу интернет воситаси қуввати ва сифати ошади.
«AI & Digital Bridge» пойтахтда 30 мингга яқин иштирокчини тўплади. Форумда 300 нафардан ортиқ рақамли соҳада ном қозонган етакчилар сўзга чиқди. Анжуман сунъий идрок, рақамли активлар, илмий тадқиқотлар, венчур молиялаштириш, стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилди.
Вивиан Ли, Гарвард тиббиёт мактабининг катта ўқитувчиси:
- Қозоғистондаги рақамли муҳит фаол ўсяпти, ўз стартапларини ривожлантириш ниятида бўлган ёшлар кўп. Бунга мамлакатда ривожланган рақамли инфратузилма ва маълумотлар базаси борлиги, давлат ва нотижорат ташкилотларининг қўллаб-қувватлаши ижобий таъсир кўрсатмоқда. Улар тиббиёт соҳасидаги стартапларга илғор ечимлар тақдим этади, Қозоғистонга клиник тадқиқотлар ўтказишдан манфаатдор биотехнология ва фармацевтика компанияларини жалб қилиш имконини беради.
Форум 7-марта ташкил этилди. Ўтган давр давомида 100 дан ортиқ давлатдан 127 минг нафар иштирокчи рўйхатдан ўтган. 600 дан зиёд янги стартап тақдим этилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

