Астанада Марказий Осиё ва Хитой ҳамкорлиги истиқболлари муҳокама қилинди

Астанада Марказий Осиё ва Хитой ҳамкорлиги истиқболлари муҳокама қилинди

Марказий Осиё глобал инвестиция оқимлари учун жозибадор нуқта ва иқтисодий ўсиш двигателига айланмоқда. Бугун Астанада бўлиб ўтган "China Conference: Central Asia 2026" мулоқот майдончасида экспертлар минтақанинг янги имкониятлари, савдони кенгайтириш ҳамда транспорт-логистика йўналишлари орқали юк ташиш ҳажмини ошириш бобида очилаётган истиқболлар ҳақида гапирди. Конференцияда Хитой, Марказий Осиё ва АСЕАН мамлакатлари давлат органлари, молия ташкилотлари, йирик бизнес вакиллари қатнашди. Асосий эътибор инвестициялар, фойдали қазилмалар қазиб олиш, инфратузилмани ривожлантириш, минтақавий компанияларнинг халқаро бозорларга чиқишига қаратилган. Бугунги кунга келиб, ХХРнинг минтақадаги бешта давлат билан товар айланмаси 100 миллиард доллардан ошди. Ва бу кўрсаткич охирги нуқта эмас. Гонконг ҳамда Хитой тадбиркорлари ҳамкорликни ривожлантириш, Марказий Осиё бозорларига чиқишда Қозоғистонни муҳим ҳамкор сифатида қараяпти. Конференция иштирокчилари фикрича, молия соҳасида катта истиқболлар очилмоқда. Бу йўналишда тажриба алмашиш, бирга молия жалб қилиш имкони бор.

Саймон Чан, Гонконг Савдо ва иқтисодий ҳамкорлик бошқармаси бош директори:

- Биз ўзимиздаги имкониятлар, мутахассислар ва билимларни Қозоғистон билан баҳам кўришга тайёрмиз. Мамлакатдаги молия секторини ривожлантиришда катта салоҳият кўряпмиз. "Астана" халқаро молия маркази ўсиб, ривожланишда давом этаётгани, унинг молияни тартибга солиш ва молиялаштириш механизмлари соҳасида Гонконг билан ҳамкорлиги кенгайиб бораётганини кўриб турибмиз. Ҳар иккала молия марказида рўйхатдан ўтган компаниялар ва молия ташкилотлари учун янги имкониятлар яратиш мумкин.

Йирик тоғ-кон компаниясининг Астана ва Гонконг биржаларига чиқиши ҳамкорликнинг амалий натижаларидан бири бўлди. АХММ бошқарувчиси Ренат Бектуровга кўра, ушбу битим Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари учун халқаро капитални жалб қилишнинг янги каналини очди.

Ренат Бектуров, Астана халқаро молия маркази  бошқарувчиси:

- «Jiaxin International Resources» компанияси бир вақтда Астана халқаро биржаси ва Гонконг фонд биржасида IPO ўтказди. Қозоғистон капитал бозори тарихида биринчи марта компания икки томонлама листинг ўтказди. Бу "Ягона макон — ягона йўл" ташаббуси доирасида «AIX»даги биринчи IPO. Шунингдек, Марказий Осиёда Хитой юанида биринчи марта акциялар сотилди. Талаб таклифдан 200 марта ортиқ бўлди, буюртма ҳажми 34 миллиард АҚШ долларидан ошди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.