Астанада экспертлар Қурултой сайловини муҳокама қилди

Астанада экспертлар Қурултой сайловини муҳокама қилди

Қозоғистоннинг етакчи ҳуқуқшунослари, сиёсатшунослари ва социологлари Астанада "Sarap" клуби майдончасида тўпланди. Учрашув иштирокчилари Қурултойга сайлов якунлари ва партия тизимини янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди. Парламент фаолияти асосларига ҳам тўхталиб ўтилди. Қозоғистон ижтимоий ривожланиш институти бошқаруви раиси ўринбосари Азамат Байғалиев бир палатали Қурултойнинг роли сезиларли даражада ошишини таъкидлади. У бўлажак ўзгаришларни амалга ошириш учун ҳуқуқий база шакллантиради.


Азамат Байғали́ев, Қозоғистон Ижтимоий Ривожланиш Институти бошқаруви раиси́нинг ўринбосари:


- Қурултой яқин вақт ичида фуқароларимиз ҳаётига бевосита таъсир кўрсатадиган бир қатор қонунларни кўриб чиқиши керак. Бунда Давлат раҳбарининг ташаббуслари, иқтисодиётда шу кунларда амалга оширилаётган асосий йўналишлар билан боғлиқ кўплаб масалалар бор. Давлат раҳбари яқин келажакда бизни кенг кўламли ўзгаришлар кутаётганини бежиз таъкидламади. Қурултой бу борада, табиийки, сиёсий салмоғини ошириш нуқтаи назаридан катта роль ўйнайди.


Экспертлар ушбу сайлов кампаниясининг асосий хусусиятларидан бири сифатида сиёсий ислоҳотларга бўлган қизиқишни қайд этди. Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти директори ўринбосари Алуа Жўлдибалинанинг сўзларига кўра, Қурултой сайловларида 42 та давлат ва 13 та халқаро ташкилотдан 777 нафар кузатувчи рўйхатга олинган. Бу мамлакатдаги сайлов кампаниялари учун мисли кўрилмаган кўрсаткич.


Алуа Жолдебалина, Қозоғистон Стратегик Тадқиқотлар Институти директори ўринбосари:


- Фикримча, халқаро кузатувчиларнинг сайловдаги кенг иштирокини сайлов кампаниясига, Қозоғистонга, мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотларга берилган баҳо, дейиш мумкин. Янги Конституция шароитида Қозоғистон жамияти Қурултойни шакллантиришда қандай иштирок этгани, фуқаролар фаоллиги ва сиёсий маданиятини қай даражада намоён этиши ҳам муҳим. Буларнинг барчаси муносиб баҳоланмоқда.

Абдумалик Сарманов таржимаси.