Қозоғистон Президенти Астана шаҳридаги AI & Digital Bridge форумида «Маълумотлар маркази водийси» лойиҳасига қизиқиш билдирган дунёнинг йирик компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Қосим-Жўмарт Тўқаев «NVIDIA» вице-президенти Рев Лебаредян билан учрашувда «NVIDIA» ва «Firebird» билан имзоланган битимлар муҳимлигини таъкидлади. Бундан ташқари, Қозоғистонда «NVIDIA» технологиялари асосида иккита суперкомпютер кластери ишлаб турибди. Шунингдек, томонлар мутахассислар тайёрлаш ва технологик экотизимни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Рев Лебаредян Қозоғистонда сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантириш жараёнини юқори баҳолади.
Қозоғистон Президенти «General Atlantic» компанияси раиси ва бош директори Уильям Форд билан ҳам учрашди. Компания сунъий интеллект, булутли ҳисоблаш ва рақамли хизматлар учун инфратузилма яратадиган «Маълумотлар маркази водийси» лойиҳасида иштирок этиш ниятида. Томонлар финтех, электрон тижорат, дастурий таъминот ва сунъий интеллектга сармоя киритиш имкониятларини муҳокама қилди. Президент Қозоғистонда технологик экотизимни шакллантириш ҳақида гапирди. «Astana Hub», «Alem.ai» ва «Qazaq AI Research University» унинг асосини ташкил этади. Мақсад: «Higgsfield AI» каби жаҳон бозорида рақобатбардош маҳаллий технологик компанияларнинг пайдо бўлишига ҳисса қўшиш.
Давлат раҳбари форум доирасида Бирлашган Араб амирлиги делегациясини қабул қилди. Президент «Presight AI» компанияси билан суперкомпютер инфратузилмасини ривожлантириш, «Smart City» ва транспорт ҳаракати видеоназорати тизимини яратиш лойиҳалари бўйича ҳамкорликни юқори баҳолади. «G42 International» компаниясининг «Маълумотлар маркази водийси» лойиҳасида иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқди. Қосим-Жўмарт Тўқаев икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун БАА энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий ва Абу-Даби соғлиқни сақлаш департаменти раиси Мансур ал-Мансурийни II даражали «Дўстлик» ордени билан тақдирлади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

