Берлинда Қозоғистон-Германия бизнес форуми ўтказилди

Берлинда Қозоғистон-Германия бизнес форуми ўтказилди

Қозоғистон-Германия муносабатлари Марказий Осиё ва Европа ўртасида кўприкка айланмоқда. Бу ҳақда Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Берлиндаги бизнес-форумда маълум қилди. Давлат раҳбари саноат кооперациясини «Қозоғистон-Германия ҳамкорлигининг асосий йўналишларидан бири», деб атади. Қозоғистон Германия компаниялари билан дастгоҳсозлик ва машинасозлик, робот техникаси, рақамлаштириш соҳаларида ўзаро алоқаларни кенгайтиришга тайёр.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Ташрифим давомида Германия бозорига машинасозлик маҳсулотларини, жумладан, Германия ускуналаридан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган темирйўл ғилдиракларини етказиб бериш бўйича келишувга эришилди. Бу мисоллар иқтисодий муносабатларимиз ривожининг кейинги босқичини кўрсатади. Алоҳида муваффақиятли лойиҳалардан тизимли саноат шериклигига ўтишимиз даркор. Бунинг учун «Қозоғистон-Германия инвестиция-саноат ташаббуси»ни ишга туширишга тайёрмиз, унинг асосини флагман ташаббусларнинг ягона портфели ташкил этади.


Қозоғистон, шунингдек, муҳим материаллар, қишлоқ хўжалиги ва сунъий идрок соҳаларида Германия билан ҳамкорликни кучайтириш ниятида. Энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни ишга тушириш, зарур ускуналарни кейинчалик Марказий Осиё бозорига экспорт қилишни ҳисобга олган ҳолда Қозоғистоннинг ўзида ишлаб чиқариш таклиф қилинди. Кадрлар тайёрлаш ҳам эътибор марказида. Қосим-Жўмарт Тўқаев йирик сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган Қозоғистон-Германия саноат малакалари маркази ташкил этишни таклиф қилди. Ўз навбатида, Президент Франк-Вальтер Штайнмайер Қозоғистон билан стратегик шерикликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. Унинг фикрича, ташриф доирасида имзоланган икки томонлама шартномалар Марказий Осиёдаги энг муҳим савдо шериги билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг равнақ топишига интилишдан далолат беради.


Абдумалик Сарманов таржимаси