Қозоғистон
Президенти ташкил этилган телекўприк орқали учта автомобиль йўли қурилиши бошланишига старт берди. «Қизил Ўрда – Саксаульск», «Улғайсин – Саксаульск» ва «Бейнеу – Саксаульск» мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга. Шу жумладан, «Бейнеу – Саксаульск» узунлиги - 800 километр. Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг фикрича, бу йўл асосий
халқаро транспорт артериясига айланади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Бу йўл Қозоғистон ичидаги алоқаларни мустаҳкамлайди, Хитой ва Европа ўртасидаги
"олтин кўприк"ка айланади. Лойиҳа Хитой чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктларини бевосита Ақтау ва Қуриқ портларига улайди. Натижада ХХРдан Европагача масофа минг километргача, етказиб бериш вақти 3 кунгача қисқаради. «Бейнеу – Саксаульск» автомобиль йўли, шубҳасиз, республика, минтақавий ва трансконтинентал
аҳамиятга эга асосий транспорт йўли мақомини олади. Шунинг учун мазкур йўналишга «Аральск - Каспий магистрали» номи жуда мос келади.
Давлат раҳбари барча лойиҳаларни 2029 йилдан кечиктирмай
якунлашни топширди. Учта автомобиль йўли ишга тушгач, юк ташиш ҳажми 2,5 марта кўпайиши ва йилига 13 миллион тоннадан ошиши
кутиляпти. Ўтган йили
юк ташиш умумий ҳажми 6 фоизга ортди, салкам 37 миллион тоннани ташкил этди. Автомобилларда юк
ташишдан олинган даромад 1,5 триллион тенгега етди. Даромадга кўра автомобилларда юк
ташиш
темир йўл транспорти билан деярли тенглашди. Қозоғистон Европа ва Осиёни ўзаро боғловчи асосий транзит-логистика
марказларидан бирига айланиши йўлида янги қадам ташланди.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Шунчаки йўл қуриш эмас, замонавий рақамли экотизим яратиш муҳим вазифа. Автосаноат иштирокида Маҳаллий ташувчиларни қўллаб-қувватлаш миллий дастурининг қабул қилиниши мавжуд салоҳиятни бир неча марта оширади. Қозоғистоннинг транзит имкониятларини кенгайтиради. Оролбўйининг ўзлаштирилмаган чўлларидаги боши берк йўналишларда бунёд этилган ҳаёт йўллари уларни Евроосиё транспорт йўлакларининг муҳим чорраҳаларига айлантиради.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

