Қозоғистондаги биринчи АЭС қурилиши бўйича шартнома имзолади

Қозоғистондаги биринчи АЭС қурилиши бўйича шартнома имзолади

Қозоғистондаги биринчи АЭС қурилиши амалий босқичга ўтди. Владивостокдаги XI Шарқий иқтисодий форум доирасида "Қозоғистон атом электр станциялари" ва "Росатом"нинг шўба корхонаси - "Атомстройэкспорт" ўртасида атом электр станциясини лойиҳалаш, тегишли жиҳозларни етказиб бериш ва қурилиш ишлари бўйича шартнома имзоланди. Лойиҳани амалга ошириш стратегик аҳамиятга эга. Иқтисодиёт, инфратузилма, рақамлаштириш ва сунъий идрок ривожланиши шароитида Қозоғистоннинг ишончли ва барқарор электроэнергия манбаларига эҳтиёжи янада ошади. Шу сабабли, АЭС қурилиши Қозоғистоннинг энергетика хавфсизлиги ва мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган узоқ муддатли режасининг муҳим қисми ҳисобланади. Лойиҳани амалга оширишда локаллаштириш, Қозоғистон корхоналари, мутахассислари, товарлари, хизматларини максимал даражада жалб этишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу эса, ўз навбатида, атом саноатини янада ривожлантириш учун маҳаллий саноат, технологиялар ва малакалар яратишни рағбатлантиради.

Алмасадам Сатқалиев, Қозоғистон Республикаси Атом энергияси агентлиги раиси:

- Қозоғистон оладиган фойда, афзалликлар ҳақида гапириш жуда муҳим. Биринчи навбатда, бу, албатта, мамлакатнинг энергия тақчил бўлган жанубида кам углеродли электр энергияси манбаини яратилиши. Ушбу фактор Марказий Осиёда энергия баланси ва сув режимлари барқарорлигига ҳисса қўшади. Маҳаллий хомашёдан, урандан атом станциялари учун ёқилғи сифатида фойдаланиш имкониятига эга бўламиз. "Росатом" корпорацияси билан ҳамкорликда буларнинг ҳаммаси бор. Шунингдек, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий-амалий тадқиқотлар учун имкониятлар очилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.