СИ жаҳон саноатида Қозоғистон мавқеини мустаҳкамламоқда

СИ жаҳон саноатида Қозоғистон мавқеини мустаҳкамламоқда

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Мактубда сунъий интеллектга асосланган рақамли иқтисодиёт барпо этиш вазифасини қўйди. Бунинг учун Қозоғистонда ҳисоблаш қувватлари кенгайтирилмоқда. Иккита суперкомпьютер ишга туширилди, йил охиригача учинчиси фойдаланишга топширилади. Янги маълумотларни қайта ишлаш марказлари қуриляпти. Хорижий экспертлар фикрича, мамлакат ёрқин истиқболга эга. Инфратузилмани ривожлантириш Қозоғистоннинг технологик мустақиллигини, минтақавий IT-маркази сифатида мавқеини мустаҳкамлайди. Айни вақтда, мамлакат сунъий идрокдан фойдаланишнинг халқаро қоидаларини шакллантиришда ҳам иштирок этади. Алматида БМТнинг Марказий Осиё ва Афғонистон учун Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича минтақавий маркази ишлаб турибди.

Сэм Доуз, «Oxford Martin AI Governance Initiative» ташкилотининг катта маслаҳатчиси:

- Марказий Осиё АҚШ, Хитой ва Европа таклиф этаётган сунъий интеллектни тартибга солишнинг турли ёндашувлари ўртасида боғловчи бўғин бўла олади. Бу технологиялар одамларга фақат фойда келтириши муҳим. Янги технологиялардан тиббиёт, саноат, таълим ҳамда бошқа соҳаларда самарали фойдаланиш мумкин.

Кристофер Ламонт, «Global Governance Institute» ташкилотида сунъий интеллектни бошқариш дастури раҳбари:

- Қозоғистон янги, сунъий идрок иқтисодиётида ўз ўрнини белгилайдиган муҳим қарорлар қабул қилмоқда. Ўз инфратузилмасига сармоя киритиш мамлакатнинг хорижий технологияларга қарамлигини камайтиришга ва мустақиллигини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Шу билан бирга, Қозоғистон стратегияси хорижда ҳам қизиқиш уйғотяпти. Бошқа давлатлар уни сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш намунаси сифатида кўриб чиқмоқда.

Абдумалик Сарманов таржимаси