Қозоғистонда йилига 300 минг тонна қувватга эга мис эритиш заводи қурилади

Қозоғистонда йилига 300 минг тонна қувватга эга мис эритиш заводи қурилади

Қозоғистонда Ақтўғай мис эритиш заводи қурилиши бошланди. Унда рудани қазиб олиш ва бойитишдан, тайёр металл ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ цикл яратиш кўзда тутилган. Корхона йилига 300 минг тоннагача катодли мис бера олади, ички бозор талабини тўлиқ қоплайди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев телекўприк орқали металлургия заводи қурилишига старт берди. Эслатамиз, бугунги кунда мамлакатда 9,5 мингдан ортиқ кон бор. Қозоғистонда ҳар йили 160 миллион тонна руда қазиб олинади ҳамда тахминан уч ярим миллион тонна мис концентрати чиқарилади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Завод ишга туширилгач, Қозоғистон юқори сифатли тозаланган мис ишлаб чиқариш бўйича дунёнинг пешқадам ўнталигига киради. Корхонадан олтин ва сульфат кислота ҳам олинади. Бундай йирик лойиҳанинг амалга оширилиши маҳаллий металлургия саноатини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшади. Умуман олганда, маҳаллий ишлаб чиқариш саноати сезиларли ўсишда давом этяпти. Ўтган йили соҳа маҳсулотлари ҳажми 60 миллиард долларга етди. Сўнгги уч йилда мамлакатнинг барча ҳудудларида 540 та саноат лойиҳаси рўёбга чиқарилди.

Лойиҳага киритилган инвестициялар ҳажми қарийб 1,8 миллиард долларни ташкил этади. Уни «KAZ Minerals» гуруҳи Хитойнинг NFC компанияси билан ҳамкорликда ишга туширди. Мажмуа Қозоғистон маҳсулотларининг қўшимча қийматини оширишга қаратилган. 2030 йилдан бошлаб корхона мис катодни бозорга чиқаради. Завод мисдан ташқари олтин, кумуш металлари, бошқа маҳсулотлар ҳам беради. Давлат раҳбари объектнинг қурилишида ва маҳсулот ишлаб чиқаришда янги технологиялар, сунъий идрокдан фойдаланишга чақирди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Қурилиш ишларининг юқори сифатини таъминлаш билан бирга белгиланган муддатларга риоя қилиш устувор вазифа ҳисобланади. Ушбу лойиҳани амалга оширишда фаол иштирок этаётган барча қозоғистонлик мутахассисларга, шунингдек, хитойлик ҳамкорларимизга самимий миннатдорчилик билдираман. Ишончим комилки, Ақтўғай мис эритиш заводи Қозоғистон саноат салоҳиятини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.