Астанада СИ даврида ОАВ га ишонч масаласи муҳокама қилинди

Астанада СИ даврида ОАВ га ишонч масаласи муҳокама қилинди

Сунъий идрок халқаро медиасаноатни ўзгартиришнинг асосий омиллардан бири саналади. Нейротармоқлар анчадан бери интервьюларни матнга айлантириш, материалларни турли тилларга таржима қилиш, аудитория қизиқишларини таҳлил қилиш каби кундалик жараёнларни автоматлаштиришда қўлланмоқда. Ва яна янги технологиялар мультимедиавий контент яратиш, ОАВнинг рақамли платформалардаги иштирокини кенгайтиришга имконият яратяпти. Astana Media Week халқаро форумида AI-технологияларнинг журналистика келажагига таъсири асосий мавзулардан бирига айланди. Форум эксперт ва меҳмонлари глобал рақамли трансформация шароитида ахборотни ишлаш, тарқатиш усуллари қандай ўзгаришини ҳам муҳокама қилди.

Нежат Унсал, «Smart advanced technologies and innovations» компанияси бош директори:

- Сунъий идрок ва замонавий технологиялар журналистикага ҳам сезиларли таъсир кўрсатади. Аммо, айтганимдек, журналистлар  технологиялар ва сунъий идрок реалликни ўзгартиришига, янгиликларни бузиб кўрсатиши ёки ҳақиқатни рад этишига йўл қўймаслиги лозим. Чунки бу ерда энг асосийси - ишонч. Одамлар янгиликлар ва оммавий ахборот воситаларига ишонганида, улар бу ахборотни қабул қилади, бунинг учун пул тўлашга, фойдаланишга тайёр бўлади.

Надира Тюдор, Euronews телеканалининг Озарбайжондаги бюроси раҳбари:

- Асосан,  журналистлар, дастур яратувчилари аудитория ишончини сақлаб қолиш учун ўз ишига ёндашувини қайта кўриб чиқиши керак.  Бу воситадан инсонлар бажариши керак бўлган ишни бажаришига йўл қўймай туриб, қай тариқа самарали фойдаланишимиз мумкин? Аслида, сунъий интеллект медиасаноатда инсон омилисиз ҳеч нарсани англатмайди. Уни айнан биз назорат қилишимиз, уни қандай қўллашни, ундан қандай наф чиқаришни билишимиз даркор.

Абдумалик Сарманов таржимаси