Қозоғистон Президенти Қурултой сайловларида овоз беряпти

Қозоғистон Президенти Қурултой сайловларида овоз беряпти

Қозоғистон Президенти Мустақиллик саройида жойлашган 520-сайлов участкасида овоз берди. Сўнгра Қосим-Жўмарт Тўқаев оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказди. Давлат раҳбари сайловлар мамлакатнинг келгуси тараққиёти учун тарихий аҳамиятга эга эканини таъкидлади.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Бу кун мамлакатимиз учун тарихий саналигига шубҳа йўқ. Биринчи марта бир палатали Қурултойга сайлов ўтказяпмиз. Бир миллат бўлиб, кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз. Барчангиз буни яхши биласиз, ўзгаришларга гувоҳсиз. Биз салмоқли натижаларга эришишдик. Шу билан бирга, олдимизда кўп ишлар турибди, қўйилган мақсадларимиз алоҳида аҳамиятга эга. Бугунги сайловлар ана шу катта ишнинг бошланиши, холос.


Давлат раҳбари мамлакатда сайлов кампанияси яхши ўтганини таъкидлади. Сиёсий майдонда янги арбоблар пайдо бўлди, мазмунли ва конструктив ғоялар билдирилди. Аммо энг муҳими олдинда. Президентнинг сўзларига кўра, Қозоғистон катта қурилиш майдонига айланади. Туман ва шаҳарларда йирик лойиҳалар ишга тушади. Қосим-Жўмарт Тўқаев журналистларнинг янги вице-президент лавозими ҳақидаги саволига ҳам жавоб берди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Биз Конституцияда ушбу янги лавозимни атайин таъсис этдик. У жуда зарур, десам янглишмайман. Ҳозирги мураккаб замонда бундай лавозим мамлакатимизга жуда зарур. Вице-президент ким бўлиши кейинги ҳафтада, ёки ўн кунлар ичида маълум бўлади. Унинг номини айтишга ҳали эрта. Ўйлайманки, у ҳаммангиз яхши биладиган машҳур одам бўлади. Бошқа ислоҳотларни ҳам амалга оширамиз. Масалан, янги давлат органи - Қозоғистон Халқ Кенгаши фаолиятини йўлга қўйиш зарур.

Абдумалик Сарманов таржимаси.