Қозоғистонда креатив саноат учун рақамли майдонча ишга тушди

Қозоғистонда креатив саноат учун рақамли майдонча ишга тушди

Қозоғистонда янги «Qazaq Creative» рақамли майдончаси ишга туширилди. У мамлакатнинг креатив саноати вакилларини бирлаштиради. Хизматга барча минтақаларидан 700 нафардан зиёд фойдаланувчи уланган. У портфолиоси ва тайёр лойиҳалари бўлган муаллифлар учун ягона базага айланди. Порталда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари, грантлар, инвестициялар, таълим ва акселерация дастурлари ҳақида маълумотлар жамланган. Креатив саноатни ривожлантириш жамғармасининг таъкидлашича, янги рақамли майдонча молия жалб қилиш ва муаллифларнинг ғояларини илгари суришга ёрдам беради. Дейлик, бошловчи мусиқачилар ўз композицияларини яратиш ва чиқаришда қўллаб-қувватлашга умид қилишлари мумкин.


Алмас Сағинули, Креатив саноатни ривожлантириш жамғармаси бошқаруви раисининг ўринбосари:


- Улар бизга мурожаат қилиши мумкин, пост-продакшнда ёрдам беришимиз мумкин. Бу биринчидан. Иккинчидан, лойиҳалар учун биздан қандайдир инвестициялар олиши имкони бор. Агар асарларни эълон қилиш учун жой тополмаса, лекин барча расмий мусиқий стриминг платформаларида пайдо бўлишини истаса – бизнинг, Жамғарманинг ўз лейблимиз мавжуд.


Абдумалик Сарманов таржимаси