Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш Астана шаҳрида Республика кунига бағишлаб ўтказилган халқаро анжуманнинг асосий мавзусига айланди. Иштирокчилар Қозоғистоннинг янги Конституциясида қайд этилган кафолатлар, шу жумладан, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ҳамда рақамли хавфсизлик масалаларини ҳам кўриб чиқди. Малакали ҳуқуқий ёрдамдан фойдаланиш, шахснинг қадр-қиммати ва дахлсизлигини ҳимоя қилишга эътибор қаратилди. Экспертлар қонунчиликни такомиллаштириш билан бирга ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш йўлларини кўрсатди. "Давлат инсон учун" тамойилини рўёбга чиқариш масаласи ҳам тилга олинди.
Алексей Рогов, Астанадаги ЕХҲТ дастурлари офиси раҳбари:
- Яқиндагина инсонпарварликка асосланган Янги Конституция кучга кирди. Яъни инсон, унинг ҳуқуқлари, қадр-қиммати ҳокимиятнинг барча ҳаракатларини, дастурларини, фаоллигини белгилаб бериши керак. Бу тамойил халқаро ҳуқуқда, хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлар тўғрисидаги пактлар руҳида мустаҳкамланган.
Анжуман иштирокчилари Қозоғистон Халқ Кенгаши фаолияти "Тингловчи давлат" концепциясининг давоми бўлишини таъкидлади. Айнан у жамият ҳамда ҳокимият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлайди. Яқин келажакда қозоғистонликлар ички сиёсат ва давлат органлари иши бўйича ташаббуслар таклиф қилиши мумкин бўлган рақамли платформани ишга туширишни режалаштирилган.
Жандўс Ақтаев, Қозоғистон Халқ Кенгаши аъзоси, «Esti Bol Qory» жамоат жамғармаси раиси:
- Биз фуқароларнинг ташаббусларини бевосита тўплаймиз, тартибга соламиз ва йўналтирамиз ёки қонунчилик ташаббусига айлантирамиз. Ўзгаришлар содир этиш ёки маҳаллий ижро ҳокимияти ҳамда марказий давлат органлари билан кўриб чиқиш учун Қурултойга юборамиз. Оддий тилда айтганда, фуқаролардан кўрсатган муаммоларни зудлик билан ҳал қиламиз. Яъни, бу – инсонни эътибор марказига қўйиш дегани.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

