Ўқитиш учун кўпроқ, қоғозбозликка камроқ вақт сарфлаш. Қозоғистоннинг «WONK» AI таълим платформаси бу вазифани ҳал қилади. У ўқитувчилар ва ўқувчиларга мўлжалланган воситаларни
бирлаштиради. Педагог таълим мавзуси ва мақсадини кўрсатиб ўтса бас. Сунъий интеллект дарс бориши, тақдимот, тест ёки амалий топшириқни шакллантиради.
Тизим дарс жадвалини тузиш,
бошқа маъмурий ишларда ҳам ёрдам беради. Натижада, юклама камаяди. Ўқитувчи ҳафтасига 12-15,
йилига эса 250 соатгача вақтини ижодга ажратиши мумкин. Мактаб маъмурияти ҳам икки ярим ҳафтагача вақт тежайди.
Ерсайин Бекбўлатов, Wonk стартапи бош директори:
- Асосий вазифа – ишни енгиллаштириш. Айни вақтда, биз яратиладиган дарс режалари ва тақдимотлар сунъий идрокникига ўхшамаслигига интилдик. Тўғри баҳолаш
методологияси яратишга жуда кўп вақтимиз кетди. Шунингдек, ўқитувчи
шогирдларини яхшироқ англаши учун болаларни
тушуниш, улар ишини таҳлил қилишни кўзладик. Тизим асосан онлайн кундаликлар учун интеграция воситаси каби ишлайди.
Платформадан ўқувчилар ҳам фойдалана олади. AI-репетитор материалларни мустақил таҳлил қилишга ёрдамлашади. Бу эса қўшимча машғулотларга кетадиган харажатни камайтириши мумкин. Муаллифлар ҳисобига кўра,
маҳсулот мамлакат бўйлаб жорий этилса йилига 70 миллиард тенгегача иқтисодий самара бериши мумкин.
Нурсат Қудабаев, Қозоғистоннинг Wonk стартапи вакили:
- Биз Қозоғистоннинг тўртта вилоятидаги 33 та мактабда сунъий интеллект платформасини
синовдан ўтказдик. Қизилўрда ва Туркистон вилоятлари, Астана ва Алмати
шаҳарларида ишладик. Амалий тажриба ва ўқитувчилар фикр-мулоҳазаларига таянган ҳолда, кейинги босқичга ўтишга тайёрмиз. Мақсад - мамлакатдаги барча мактаблар,
сўнгра хориж бозори.
Бугунги кунда платформадан 32 минг нафардан зиёд киши фойдаланмоқда.
Улар орасида 5 мингтадан кўпроқ ўқитувчи бор. Технология амалда синовдан ўтказилди, унинг самарадорлиги
баҳоланди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

