Қозоғистонда китобхонлик маданияти ривожлантирилмоқда

Қозоғистонда китобхонлик маданияти ривожлантирилмоқда

Қозоғистонда китобхонлик маданиятини ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг май ойида Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев тегишли фармонни имзолади. Бу иш билан мактаблардан бошқалар ҳам шуғулланиши керак. Август конференциясида Давлат раҳбари бу ишга жамоат арбоблари, журналистлар ва ижодкор зиёлиларни фаол жалб этишга чақирди. Мамлакатда тегишли чора-тадбирлар амалга ошириляпти. "Болалар кутубхонаси" дастури доирасида қозоқ ва жаҳон адабиётининг турли даврлари ва жанрларига оид 1 минг 770 та асар рўйхати шакллантирилди. Таълим жараёнига болаларда танқидий фикрлашни ривожлантиришга қаратилган ёндашувлар кенг жорий этилмоқда. Асосий вазифа - ёшликдан китобга қизиқиш уйғотиш ва биргаликда мутолаа қилишни оилавий анъанага айлантиришдан иборат.

Айгуль Осипова, Астанадаги С. Сейфуллин номли 80-мактаб-гимназиянинг бошланғич синф ўқитувчиси:

- Мактабимизда оилавий мутолаа анъанаси яхши ривожланган. Китоб ўқишда ота-оналар ҳам фаол иштирок этади. Улар ўз фикрларини ўртоқлашадилар, муҳокамаларда қатнашади, болаларнинг фикрлашини ривожлантиришга ёрдам беради.

Куляш Мўлдахметова, «Қозоқ радиоси» фахрийси, профессионал диктор:

- Кутубхонада мен болалар билан маълум соатларда шуғулланаман: уларга эртаклар ўқиб бераман, китобга меҳр уйғотиш учун шеърларни ёдлашига ёрдамлашаман. Зеро, китоб - билим манбаи. Мутолаа боланинг ривожланишига, дунёқараши кенгайишига ва янги билимлар олишига ёрдам беради. Агар бола бу машғулотни яхши кўриб қолса, унинг олдида катта имкониятлар очилади.

Қозоғистонда "Китобхон миллат" лойиҳаси мавжуд. У барқарор китобхонлик маданиятини шакллантиришга, миллий адабиётни қўллаб-қувватлаш ва жамиятнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган. Лойиҳа доирасида мамлакат бўйлаб китобхонлик марафонлари, адабий учрашувлар, ёзувчиларнинг ижодий кечалари ўтказилмоқда. Кутубхоналарни замонавий маданий ва интеллектуал маскан сифатида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Уларнинг рақамли имкониятлари кенгайтирилиб, коворкинг зоналари ташкил этилмоқда. Қизил Ўрда шаҳрида эса кеча-кундуз ишлайдиган мамлакатдаги учинчи Президент кутубхонаси қурилиши бошланди.

Балжан Еркебаева, Қозоғистон Республикаси Миллий академик кутубхонаси Ўқувчиларга хизмат кўрсатиш ва рўйхатдан ўтказиш хизмати раҳбарининг ўринбосари:

– Йил бошидан буён Миллий академик кутубхонамизда рўйхатдан ўтган янги китобхонлар сони 10 минг нафардан ошди. Илгари бундай кўрсаткичга эришиш учун бизга бир неча йил керак бўларди, ҳозир эса атиги етти-саккиз ойда шунга эришдик. Қулайлик яратиш мақсадида замонавий коворкинг зали очдик. Яқин кунларда ўсмирлар учун ўқув зали очишни режалаштирганмиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси.