Қозоғистонда гуманоид роботлар ишлаб чиқарилади

Қозоғистонда гуманоид роботлар ишлаб чиқарилади

Қозоғистонда гуманоид роботлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Улар дунё билан ўзаро алоқага кириша оладиган «Embodied AI» - сунъий интеллект технологияси асосида яратилади. Лойиҳанинг биринчи босқичига салкам 200 миллион доллар инвестиция жалб қилинган. Ишлаб чиқариш пойтахтда йўлга қўйилади, муҳандислик ишланмалари, хизмат кўрсатиш инфратузилмаси ва сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш учун замонавий «Robotics & AI Hub» ташкил этилади.

Азамат Ешмухаметов, Qazbot Technologies техник директори: 

- Ушбу лойиҳа доирасида завод капсуласини қўйдик. Режалар амалга ошишини кутяпмиз, бир йилдан сўнг заводнинг тантанали очилиши маросимига гувоҳ бўласиз. Лойиҳа ўзига хос, Қозоғистон учун катта аҳамиятга эга. Завод замонавий талабларга жавоб берадиган юқори технологик ва инновациявий маҳсулотлар чиқаради.

Лойиҳа олий даражада эришилган келишувлар доирасида QAZBOT Technologies ва AgiBot халқаро компанияси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Астанадаги форумда ишлаб чиқаришнинг муҳим йўналишлари: механик компонентлар, ҳаракат тизимлари ва роботлар учун сунъий интеллектга асосланган дастурлар муҳокама қилинди.

Лю Сухе, Lingxi Agibot компанияси вице-президенти:

- Биз саноат соҳасида кенг ҳамкорликни йўлга қўйдик. Келгуси йилда янги соҳаларда ечимларимиздан фойдаланишни кенгайтиришни режалаштирганмиз. Қозоғистонда гуманоид роботлар ва жисмоний сунъий идрок ривожланиши билан, шу жумладан, маҳаллий брендлар, робот ишлаб чиқарувчилар ва таъминот занжирининг бошқа иштирокчилари билан ҳамкорлик кенгаяди, деб ўйлайман. Келгуси беш йил ичида бу йўналиш фаол ривожланади.

Абдумалик Сарманов таржимаси