Қозоғистон ва Ҳиндистон: Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари

Қозоғистон ва Ҳиндистон: Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари

Қозоғистон ва Ҳиндистон яқин келажакда ўзаро маҳсулот айирбошлаш ҳажмини бир миллиард долларга, истиқболда эса уч миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда. Иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш шерикликнинг асосий йўналишларидан бирига айланади. Астанада дипломатлар, давлат органлари ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари янги ўсиш нуқталари ҳақида сўз юритди. Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти таҳлилчиларининг фикрича, ҳамкорлик салоҳияти бир нечта соҳаларда ортиб боряпти. Мамлакатимиз Ҳиндистонга энергетика захиралари, шу жумладан, нефть, уран ҳамда муҳим минераллар етказиб бериш ҳажмини кўпайтириши мумкин. Ҳиндистон фармацевтика, технология, машинасозлик ва электроника соҳаларида кучли мавқега эга. Логистика йўналишларини ривожлантириш, тадбиркорлик алоқаларини кенгайтириш, бизнес, давлат ва экспертлар ҳамжамиятининг яқин ҳамкорлиги савдо айланмаси янада ўсишига ёрдам беради.

Айдар Қурмашев, Қозоғистон Республикаси Президенти қошидаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти Осиё тадқиқотлари бўлими раҳбари:

- Биз икки давлат орасида маҳсулот ташуви бўйича ҳамкорликни кучайтиришимиз зарур. Бугун анжуманда билдирилган таклифлардан бири - нафақат экспертларни, балки расмий шахсларни, шунингдек, бизнес ва академик доираларни ҳам ўз ичига олиш имкониятига эга тадқиқот лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўлди. Улар қайси маҳсулотлар бизгача етиб келишини, қандай банк операциялари амалга оширилишини аниқроқ айта олади.

Яна бир истиқболли йўналиш - технологик ҳамкорлик. Қозоғистон IT-соҳасини фаол ривожлантирмоқда, Ҳиндистон эса улкан кадрлар салоҳиятига, халқаро бозорларда кўп йиллик тажриба орттирган мутахассисларга эга. Бундай уйғунлик қўшма лойиҳалар, тажриба алмашиш ва инвестицияларни жалб қилиш учун қўшимча имконият очади. Замонавий шаҳар инфратузилмасини тараққий топтириш - ҳамкорликни кенгайтиришнинг яна бир йўналиши. Бунда қатор лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Яқин келажакда Ҳиндистоннинг 30 дан зиёд йирик девелопер компанияси музокара учун Қозоғистонга келиши кутиляпти.

Сайлас Тангал, Ҳиндистоннинг Қозоғистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси:

- Улар Қозоғистонга манфаатдор томонлар, хусусан, янги лойиҳалар амалга оширилаётган Алатау ва Қўнаевдаги раҳбарлар билан учрашиш учун келади. Алатау сунъий идрок технологияларини қўллаган ҳолда ақлли шаҳар сифатида равнақ топмоқда. Шунинг учун бу ерда нафақат анъанавий девелоперлар, балки кўчмас мулк соҳасида замонавий технологик ечимларни жорий этишга қодир компанияларга талаб катта. Биз амалий сафарни ташкил этиш устида ишлаяпмиз ва умид қиламизки, у тез орада юз беради.

Абдумалик Сарманов таржимаси