Қозоғистон ва Хитой «яшил» ҳамкорликни кенгайтириш ниятида

Қозоғистон ва Хитой «яшил» ҳамкорликни кенгайтириш ниятида

Қозоғистон ва Хитой «яшил» технологиялар ва барқарор ривожланиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Сўнгги йилларда маҳаллий бизнес бошқарувда тобора кўпроқ ESG концепциясини  жорий этмоқда. 100 тага яқин Қозоғистон компанияси номолиявий ҳисоботлар киритди, уларда корхонанинг экологияга, ижтимоий ташаббусларга ва бошқарув шаффофлигига таъсири таҳлил қилинади. «Яшил» трансформацияда халқаро ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Хитой кам углеродли ривожланиш, яшил молиялаштириш ва рақамлаштириш соҳасидаги технологиялар, тўпланган тажрибасини баҳам кўришга тайёр. Бу масалалар Астана шаҳрида бўлиб ўтган халқаро семинарда муҳокама қилинди. Илк бор Марказий Осиёнинг энг яхши ESG амалиётлари тўплами тақдим этилди. Ташкилотчилар фикрича, у бизнес учун амалий қўлланма бўлиб, барқарор ривожланишда минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.

Юлия Яқупбаева, «Атамекен» Миллий тадбиркорлар палатаси қошидаги Барқарор ривожланиш ва ESG кенгаши раиси:

- Биз ички ёнув двигатели ўрнини электр двигателлари эгаллаётганини, энергетикада ҳам, бошқа соҳаларда ҳам ўзгаришлар юз бераётганини кўряпмиз. Барқарор ривожланиш соҳасида илғор бўлган Хитой ва бошқа давлатлар билан ҳамкорликда янги технологияларни ўзлаштира оламиз. «Смарт пластик», «Смарт сув», «Пластик изини камайтириш» каби лойиҳаларни амалга оширяпмиз. Компаниялар ўз амалиётларини тақдим этяпти.

Чжан Цзяньюй, «Ягона макон – ягона йўл» яшил ривожланиш Халқаро   коалицияси тараққиёт  директори ва бош котиби ўринбосари:

- Бугунги кунда Қозоғистон жадал ривожланаётган иқтисодиёт ҳисобланади. Менимча, айнан шу ерда Хитой нафақат тўпланган тажрибаси, балки технологиялар нуқтаи назаридан ҳам ёрдам кўрсатиши мумкин. Чунки Хитой тайёр ечимларга эга. Энг муҳими, молиявий ҳисса қўша олади, чунки бу мамлакатда дунёдаги энг йирик углерод бозори мавжуд. Хитой Қозоғистон билан иқтисодий механизмлардан фойдаланган ҳолда кам углеродли ривожланиш соҳасида ҳамкорлик қилишдан манфаатдор.

Абдумалик Сарманов таржимаси