Қозоғистон ва Германия технологик ҳамкорликни кенгайтиряпти

Қозоғистон ва Германия технологик ҳамкорликни кенгайтиряпти

«Siemens» Қозоғистондаги электр тармоқларини модернизация қилиш, саноатни рақамлаштириш, маълумотни қайта ишлаш марказларини қуриш ташаббусида иштирок этишга тайёр. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Мюнхенда компания вице-президенти Бернд Ульбрихт билан шу масалани муҳокама қилди. Қозоғистон янги технологиялар жорий этиш, ишлаб чиқариш, муҳандислик ва хизмат кўрсатиш қувватлари яратишдан манфаатдор. «Siemens» ва Қозоғистоннинг «Silk Road Electronics» компаниялари «Qarmet» металлургия комбинатидаги ускуналарни модернизация қилмоқда. Томонлар тиббий технологиялар, экологик мониторинг соҳасида ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқди.

«Linde» компанияси Қозоғистондаги янги лойиҳаларга 500 миллион долларгача сармоя киритиш ниятида. Темиртау шаҳрида «Qarmet» компанияси билан биргаликда ҳавони тозалаш қурилмасини барпо этиш режалаштирилган. Қосим-Жўмарт Тўқаев компаниянинг катта вице-президенти Оливер Пфанн билан янги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди. Давлат раҳбари «Linde» компаниясини Атирау ва Манғистау вилоятларида нефть-кимё ва кимё кластерларини ривожлантириш бўйича лойиҳаларга қўшилиш таклифини берди. Компания вакили янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишга тайёрлигини билдирди.

Қозоғистон ва «Aurubis» кон-металлургия соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Қосим-Жўмарт Тўқаев ва компания кузатув кенгаши раиси Фриц Варенхолт суҳбатида «Тау-Кен Самруқ» миллий компанияси ҳамда «Aurubis» ўртасида мисни қайта ишлаш, ундан такрор фойдаланиш борасида шерикликка эътибор қаратилди. Таркибида мис бўлган хомашёни чуқур қайта ишлаш, йўлдош металларни ажратиб олиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш муҳокама қилиниши кутиляпти. Бу юқори қўшимча қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш имконини беради.

Абдумалик Сарманов таржимаси.