Қозоғистон Президенти ўқитувчиларни касб байрами билан табриклади. Қосим-Жўмарт Тўқаев технологиялар шиддат билан ривожланаётган даврда ўқитувчининг ўрни муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, у давлат мураббийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этишини айтиб ўтди. «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги махсус қонун қабул қилинди. Давлат мукофотлари рўйхатига «Қозоғистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи» унвони киритилди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Ўқитувчилар ҳамжамиятининг бир қанча вакиллари олий даражадаги мукофот - «Қозоғистон меҳнат қаҳрамони» унвонига сазовор бўлди. 5 октябрь санаси педагогларнинг касб байрами сифатида расман белгиланган. Ҳар йили бу кунни мамлакат миқёсида нишонлаймиз. Бу йил ҳам байрам кунлари барча минтақаларда ўқитувчиларга мукофотлар топширилиб, алоҳида эҳтиром кўрсатилди. Уларни умуммиллий миқёсда эъзозлаш анъанаси давом эттирилади.
Ҳозирги кунда Қозоғистонда 4 миллион нафардан зиёд ўқувчи таълим олмоқда. Таълим учун замонавий шароитлар яратиш мақсадида сўнгги 7 йилда мамлакатимизда 1 миллион нафардан кўпроқ ўқувчига мўлжалланган 1 минг 300 дан ортиқ мактаб барпо этилди. Жорий йилда яна юздан зиёд таълим муассасаси қуриляпти. «Келажак мактаблари» миллий лойиҳаси доирасида 217 та замонавий мактаб қурилди, уларнинг қарийб 40 фоизи қишлоқларда жойлашган. Президент бу касбни танлаган ёшлар сони ортиб бораётганини ижобий баҳолади. 12 мингдан ортиқ битирувчи педагогика мутахассисликлари бўйича давлат грантларига эришди. Янги ўқув йили арафасида 15 мингдан зиёд ўқитувчи ишга жойлаштирилди. Уларнинг ярми - ёш мутахассислар. Қосим-Жўмарт Тўқаев ўрта таълим тизимига сунъий идрок тизимли жорий этила бошланганини таъкидлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Янги технологиялар тўғри қўлланса, педагогик фаолият сезиларли даражада осонлашади, кундалик ташвишлардан халос этувчи ишончли воситага айланади. Ўқитувчиларда ўқувчиларга таълим бериш ва улар билан жонли мулоқот учун кўпроқ вақт керак. Бу борада муҳим қадам қўйилди. Жорий йилнинг сентябрь ойида Маориф вазирлиги томонидан таълимда сунъий интеллектни қўллаш стандарти тасдиқланди. Барча мактаблар илғор методикалар ва рақамли платформалардан фойдаланиш имкониятига эришади.
Президент китобнинг аҳамиятини унутмасликка чақирди. У китобхонлик ёшларга билим олишда ёрдам бериши, қадриятларни шакллантиришини таъкидлади. Май ойида Қосим-Жўмарт Тўқаев китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва китобхон миллатни шакллантириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳукумат тегишли концепция қабул қилади. Тантанали тадбир якунида таълим соҳасидаги улкан ютуқлари ва Қозоғистон олдидаги алоҳида хизматлари учун бир қатор ўқитувчиларга давлат мукофотлари топширилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

