Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг "Янги тарихий циклда Қозоғистоннинг долзарб вазифалари" номли Мактуби хорижий оммавий ахборот воситаларида катта қизиқиш уйғотди. Улар Давлат раҳбари мамлакатни янада ривожлантириш учун белгилаб берган асосий устувор йўналишларни қайд этди. Инфратузилмани модернизация қилиш, энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, транспорт йўналишларини кенгайтириш, сунъий интеллектни ривожлантириш, сармоя жалб қилиш шулар жумласидан.
«Euronews» Қозоғистонда атом энергетикасини ривожлантиришга эътибор қаратди. Мақолада мамлакатнинг янги атом электр станциялари қурилишини жадаллаштириш режалари ҳақида сўз боради. Келгуси йилда "Балхаш" станциясида иш бошлаш ва "Мойинқум" бўйича шартнома тайёрлаш лозимлиги кўрсатилган. Журналистлар Президентнинг атом саноатининг келажакдаги эҳтиёжларини таъминлаш учун стратегик уран захирасини яратиш таклифини қайд этди.
Германиянинг «Deutsche Welle» нашри Қозоғистоннинг Евроосиё логистика маркази мавқеини мустаҳкамлаш режаларини кўрсатиб ўтди. "Бахти-Аягўз" темир йўли ҳамда Орол-Каспий автомагистрали лойиҳалари кўриб чиқилди. Уларнинг ишга тушиши транспорт йўлаклари ўтказиш қувватини оширади, Осиё ва Европа ўртасида юк ташишни кенгайтириш имконини беради.
Ҳиндистоннинг «The Economic Times» нашри Қозоғистоннинг технологик ривожланишига эътибор қаратди. Нашр мамлакатнинг хорижий ишланмалардан фойдаланишдан ўзида тегишли малакаларни шакллантиришга ўтишга интилишини таъкидлайди. Энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, инфляцияни жиловлаш ҳамда иқтисодиётнинг реал секторини молиялаштиришни кўпайтириш муҳим вазифалар қаторида қайд этилди.
Хитойнинг «Xinhua» агентлиги кенг кўламли инфратузилма модернизациясини молиялаштиришга эътибор қаратди. 2029 йил охиригача ушбу мақсадлар учун Миллий жамғармадан қарийб 6,5 триллион тенге йўналтириш режалаштирилган. Бир ярим триллиони ижтимоий лойиҳалар учун мўлжалланган.
Жанубий Кореянинг «Aju News» нашри умуммиллий қурилиш дастурини алоҳида кўрсатиб ўтди. Гап минтақаларда шифохоналар, мактаблар, темир йўллар ва электр станциялари қуриш ҳақида бормоқда. Журналистлар мамлакатда ижтимоий сиёсатнинг ривожига алоҳида тўхталди. Хусусан, энг кам иш ҳаққини 30 фоизга ошириш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилди. Бу 1,8 миллион қозоғистонликнинг даромадига таъсир қилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

