Қозоғистон қайта ишланган маҳсулотлар экспортини кенгайтирмоқда

Қозоғистон қайта ишланган маҳсулотлар  экспортини кенгайтирмоқда

Қозоғистон жаҳон озиқ-овқат бозорида ўз мавқеини мустаҳкамламоқда. Мамлакат хомашё экспортидан тайёр маҳсулот етказиб беришга ўтяпти. Қишлоқ хўжалиги экспортининг ярмидан кўп қисми, ўтган йил якунларига кўра, 51 фоиздан  зиёди қайта ишланган маҳсулотларга тўғри келди. Агросаноат маҳсулотлари умумий экспорти 37 фоизга ошди ва 7 миллиард долларга етди. Хорижий таҳлилчилар ҳам бу тенденцияга эътибор қиляпти. World Financial Review нашри Қозоғистон йирик дон экспортчиси, истиқболли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хаби, жаҳон озиқ-овқат хавфсизлиги маркази деб атади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турлари бўйича Қозоғистон ташқи бозорларда юқори ўринларни эгаллади.


¤Сержан Шарипов, Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Аграр-озиқ-овқат бозорлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш департаменти директори:


- Қозоғистон қишлоқ хўжалиги ва қайта ишланган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилиш бўйича жаҳоннинг йирик ўйинчиларидан бири. Хитой бозорида кунгабоқар ёғи етказиб бериш бўйича илғор учликка кирдик. Зиғир экспорти бўйича иккинчи ўриндамиз. Арпа ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича илғор ўнликка кирамиз. Ҳозир Қозоғистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича жаҳонда етакчи ўринлардан бирида турибди.


Қозоғистонда йил охиригача яна 16 та янги агросаноат лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган. Уларнинг ярми — қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари берувчи заводлар. Бунинг учун 420 миллиард тенге ажратилди. Ўнта минтақада янги корхоналар ташкил этилади. Инвесторлар орасида Швейцария, Австралия, Жанубий Корея, АҚШ, Канада, Бирлашган Араб амирликлари, Кипр ва Туркия компаниялари бор. Астанада тўлиқ циклли гўштни қайта ишлаш мажмуаси очилади. Алматида желатин ва коллаген ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Алмати вилоятида тўртта лойиҳа ишга тушади, улардан бири мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва сақлаш билан шуғулланади. Қизилўрда вилоятида томат пастаси ишлаб чиқарилади, Қўстанай вилоятида дуккакли экинлардан маҳсулот олишга эътибор қаратилмоқда. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.