Қозоғистонда нодир металларни тадқиқ қилиш бўйича минтақавий марказ ташкил этилади. Бу ишда мамлакат Президенти топшириғига биноан Европа Иттифоқи илмий институтлари қатнашади. Қурилиш учун «Астана-Технополис» махсус иқтисодий зонасида 5 гектар ер ажратилди. Марказ учта лабораторияни бирлаштиради, уларнинг ҳар бири ўз вазифасини бажаради. Биринчиси маъдан таркиби ва конлар салоҳиятини ўрганиш билан шуғулланади. Арбитраж комиссиясига қарашли иккинчи лаборатория экспорт қилинаётган хомашё сифатини текширади. Қимматли компонентлар улушини аниқлаш ҳамда фойдали қазилмалар устидан назоратни кучайтиришга хизмат қилади. Учинчи лаборатория янги технологиялар ишлаб чиқиш учун илмий база бўлади. Мутахассислар хомашёни бойитишнинг самарали усулларини ахтаради, янги қотишмалар яратади ва тажриба-саноат шароитида истиқболли ечимларни синовдан ўтказади. Келгусида марказ Қозоғистон корхоналарига ҳам, қўшни давлатлар компанияларига ҳам хизмат кўрсатади.
Архат Қурманбеков, ҚР Саноат ва қурилиш вазирлиги Саноат қўмитаси Технологик прогнозлаш миллий маркази департаменти директори:
- Ушбу минтақавий марказдан мақсад - Марказий Осиёда муҳим хомашё материаллари соҳасида етакчиликни шакллантириш. Ҳозир хорижий компания дастлабки техник-иқтисодий шартларни ишлаб чиқяпти, унинг доирасида тадқиқотлар ҳажми аниқланади, ишлаб чиқариш қувватлари белгиланади. Келгуси йил бошида кейинги босқичга киришамиз. Яъни, минтақавий марказнинг техник-иқтисодий асослари ва дастлабки лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқамиз. Умид қиламизки, 2027-2028 йилларда минтақавий марказ қурилишини ниҳоясига етказамиз.
Абдумалик Сарманов
таржимаси

