Қозоғистоннинг ОЎЮда мажбурий таълим қисмига сунъий идрок курси киритилди

Қозоғистоннинг ОЎЮда мажбурий таълим қисмига сунъий идрок курси киритилди

Сунъий интеллект Қозоғистоннинг барча олий ўқув юртларида таълимнинг мажбурий қисмига айланди. Бунинг учун давлат таълим стандартлари ўзгартирилди, улар икки ҳафта илгари кучга кирди. Энди талабалар сунъий интеллект хизматларидан фойдаланиш, уларнинг ишлаш тамойилларини тушуниш, шунингдек, академик ҳалолликка эришиш ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилишга ўргатилади. Журналистика ва ҳуқуқшуносликдан тортиб муҳандислик ва қишлоқ хўжалигигача бўлган барча касбларда технологиялар амалда қўлланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Университетларда Coursera халқаро майдончаси, AI-Sana миллий хизматида тегишли курслар ишга туширилди. Талабаларни ўқитиш учун ўқитувчиларнинг ҳам янги технологияларни ўзлаштирмоқда. Университетларда ChatGPT Edu жорий этилди. Ўқитувчилар таълим олиш билан бирга ўқув жараёни учун ўзларига мос сунъий интеллект ёрдамчилари яратади.


Анаргуль Қурманбаева, олий таълим мазмуни бошқармаси раҳбари:


– Ўз олдимизга талабаларни қандайдир битта сунъий интеллект хизмати билан ишлашга ўргатиш вазифасини қўймаймиз. Технологиялар жуда тез ривожланяпти ва янги ечимлар мунтазам пайдо бўлмоқда. Шунинг учун уларга билим пойдеворини бериш муҳимроқ. Талабалар нейрон тармоқлар ишлашини, сунъий интеллект агентлари яратилишини, тизимлар қандай маълумотлар асосида ўқитилишини тушуниши керак. Мақсад - бўлажак мутахассислар маълум бир майдончадан фойдаланиш билан чекламасдан, касбий фаолиятида сунъий интеллектдан самарали фойдаланишига эришиш.


Фан ва олий таълим вазирлиги берган маълумотга кўра, олий ўқув юртларида ўнлаб талабалар сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда ўз лойиҳаларини тақдим этган. Улар орасида имо-ишора тилига таржима, қишлоқ хўжалиги учун ечимлар, иқтисодиётнинг турли соҳалари учун ишланмалар бор. Асосий мақсад битирувчилар сунъий интеллектдан эркин фойдаланиши ва замонавий иқтисодиёт талабларига тайёр бўлишига эришишдан иборат.

Абдумалик Сарманов таржимаси.