Қозоғистон Ерни масофадан зондлаш бўйича халқаро гуруҳ тузишни
режалаштирмоқда. Унга 2030 йилга бориб мамлакатнинг олтита, шунингдек, Монголия, Конго Республикаси ва Нигерияга қарашли
сунъий йўлдошлари киради. Space Days форумида Бош
вазир ўринбосари - Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан
Мадиев маълум қилишича, космик
аппаратлар сони 14 тагача
кенгайтирилиши мумкин. Истиқболли йўналишлардан бири - космик маълумотлардан
фойдаланиш. Сунъий йўлдошлар қишлоқ хўжалиги ерлари, сув ресурслари ва доимий
мониторинг зарур бўлган ҳудудларни кузатиш учун қўлланилади.
Жаслан Мадиев, Қозоғистон Республикаси Бош
вазири ўринбосари - Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш
вазири:
- Бугунги кунда Қозоғистоннинг учта Ерни космосдан кузатувчи сунъий йўлдоши ишлаб турибди. Биз бу инфратузилмани модернизация қилмоқдамиз, шу жумладан, «KazSat-3»ни янги «KazSat-3Р» аппарати билан алмаштирамиз. У сунъий йўлдошларни йиғиш, асосий синовларни ўтказиш ва миллий муҳандислик базасини ривожлантириш имконини беради.
Мажмуа Астанадаги Миллий космик марказ ҳудудида жойлашган. Бу Қозоғистон ва Франция компаниясининг қўшма лойиҳаси. Унда оғирлиги 100 килограммдан олти тоннагача бўлган алоқа, Ерни масофадан зондлаш ва илмий-технологик мақсадларга мўлжалланган сунъий йўлдошларларни йиғиш имконияти бор. Мажмуа мамлакатдаги сунъий йўлдош соҳасини ривожлантирувчи асосий майдончалардан бирига айланди.
Хани ал-Аржа, «Eutelsat»
компаниясининг Европа Иттифоқи ва Яқин Шарқ минтақаси бўйича вице-президенти:
- Биз қуйи
орбитадаги
сунъий йўлдошлар билан боғлиқ лойиҳалардан манфаатдормиз. Улар банклар ва
давлат ташкилотлари каби корхоналарни юқори тезликдаги алоқа билан таъминлайди.
Қозоғистон билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатганмиз. Асосий ишимиз маҳаллий инфратузилма яратишдан иборат. Қозоғистонлик
мутахассисларни ҳам ишга жалб қилмоқдамиз. Умуман олганда, Қозоғистон Марказий
Осиё ва туркий давлатлар учун етакчи давлатга айланиш салоҳиятига эга.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

