Қосим-Жўмарт Тўқаев Халқ кенгаши вазифаларини белгилади

Қосим-Жўмарт Тўқаев Халқ кенгаши вазифаларини белгилади

Қозоғистон Халқ Кенгашини ташкил этишдан асосий мақсад жамоатчилик мулоқотини ривожлантириш ва қозоғистонликларни бирлаштиришдан иборат. Давлат раҳбари олий маслаҳат органининг биринчи сессиясида Қозоғистон Халқ Кенгашининг конституциявий мақоми ва сиёсий тизимдаги ўрнини алоҳида таъкидлаб, унинг аъзолари олдидаги вазифаларни кўрсатди. Қосим-Жўмарт Тўқаев муаммоларни очиқ муҳокама қилиши, фуқаролар таклифларини таҳлил этиши, аниқ ечимлар ишлаб чиқиши мумкин бўлган тузилма ташкил этишни узоқ муддатдан буён режалаштирганини айтиб ўтди. Янги орган номи ҳам унинг умумиллий аҳамиятини тўлақонли акс эттиради. 

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Қозоғистон Халқ Кенгашида халқ бирлигини мустаҳкамлашга қаратилган самарали, чуқур ўйланган ташаббуслар амалга оширилади. Шу муносабат билан Қозоғистон Халқ Кенгашининг конституциявий мақомига яна бир карра эътибор қаратмоқчиман. Бу қадам улкан имконият эшикларини очади. Фақат шуни эътиборга олиш жоизки, Халқ Кенгаши Қурултойнинг муқобили эмас. Яъни Халқ Кенгаши аъзолари Қурултой ваколатидаги ишлар билан шуғулланмайди ва депутатлар ишига аралашмайди.

Ҳозирги асосий вазифа Халқ Кенгаши ва Қурултойнинг уйғунликдаги, бир-бирини тўлдирувчи фаолиятини таъминлашдан иборат, деди Қосим-Жўмарт Тўқаев. Демак, икки ҳокимият институти қўмиталари доимий мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиши лозим. Бундан ташқари, Қозоғистон Халқ Кенгаши Қозоғистон халқи Ассамблеяси ва Миллий Қурултойнинг анъаналари, тажрибасини сақлаб қолиши зарур. Барча ишларни сифат жиҳатидан янги сиёсий ҳамда ташкилий даражага олиб чиқиш шарт, дея таъкидлади давлат раҳбари.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Халқ Кенгаши янги Бирлик ва тотувлик концепцияси ишлаб чиқиладиган марказга айланиши, бошқача айтганда, этномаданий бирлашмалар, ушбу соҳада фаолият юритувчи бошқа жамоат ташкилотларини бирлаштириш вазифаси билан шуғулланиши кутиляпти. Минтақавий даражада Дўстлик уйлари асосида «Жамоат келишуви» тармоғи фаолиятини давом эттиради. Этномаданий бирлашмаларнинг маҳаллий жамоат кенгашларида вакиллари бўлади. Қозоғистон Халқ Кенгашининг доимий қўмиталари, соҳа комиссиялари ва маслаҳат-кенгаш органлари ишида иштирок этиши мумкин.

Халқ Кенгашининг яна бир муҳим вазифаси - минтақалар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича мажмуавий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш. Президент умуммиллий масалалар муҳокамасида жамоатчилик кенгашлари имкониятларидан фойдаланиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Бунинг учун қонунчиликни такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, олий маслаҳат органи фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашади. Қосим-Жўмарт Тўқаев, шунингдек, барча даражалардаги маслиҳатлар сайлови давлат бошқаруви тизимининг кенг кўламли трансформациясида якуний босқич бўлишини маълум қилди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Шу боис, қисқа муддатда Бош вазир ва Қурултой раиси билан барча даражадаги маслиҳатлар ваколатини муддатидан илгари тугатиш бўйича маслаҳатлашиб, тегишли Фармонни имзолайман. Сўнг Марказий Сайлов Комиссияси бўлажак сайлов санасини белгилайди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.