МДҲ кузатувчилари миссияси Қурултой депутатлари сайловини
адолатли, рақобатли ва очиқ деб топди. Халқаро кузатувчилар овоз бериш жараёни
юқори даражада ташкил
қилингани ва Қозоғистон сайлов қонунчилигига мувофиқ тарзда ўтганини
маълум қилди. Миссия раҳбари Игор Петришенкога кўра, сайлов участкалари ўз
вақтида очилди, овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш тинч ва дўстона муҳитда
ўтди.
Игорь Петришенко, МДҲ Кузатувчилар миссияси раҳбари:
- 2026 йил 23 август куни миссия вакиллари Қозоғистон
Республикасининг 14 та минтақасидаги
900 тадан зиёд сайлов
участкаларида бўлди, шунингдек, хорижий участкаларда ҳам ишлади. Миссия аъзолари берган маълумотга
кўра, сайлов участкалари ўз вақтида очилди, овоз бериш уюшқоқлик билан, тинч ва
дўстона муҳитда ўтди, овозларни санаш жараёни конституциявий қонунга мувофиқ
амалга оширилди. Сайлов натижаларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган
қонунбузарликлар аниқланмади.
Халқаро
кузатувчилар: Қурултойга
сайловлар юқори даражада ташкил этилди
Бошқа
мамлакатларнинг сайлов органлари вакиллари ҳам ўз хулосалари билан ўртоқлашди.
Халқаро кузатувчилар сайлов участкаларида тартиб-қоида, фуқароларнинг сайловда
иштирок этиши учун зарур барча шароитлар борлигини кўрди. Улар комиссиялар иши, сайловчилар билан мулоқот, уларнинг ҳуқуқлари ҳурмат этилишига алоҳида эътибор қаратди. Овоз
бериш жараёнини кузатган Покистон ва Тожикистон вакиллари сайлов жараёнида фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришига
таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қонунбузарликлар юз бермаганини таъкидлади.
Искандар Султан Ража, Покистоннинг бош сайлов комиссари:
- Сайлов жараёни яхши
ташкил этилган, тизимли ўтди, деб ҳисоблаймиз. Сайловчиларга кўмаклашган ва
сайлов жараёнининг уюшқоқлик билан ўтишини таъминлаган сайлов органлари, айниқса,
муҳтарам Марказий
сайлов комиссияси раиси,
сайлов участкалари ходимлари ва барча манфаатдор томонларнинг
саъй-ҳаракатларини юксак баҳолаймиз. Бутун жараён осойишта ва келишилган ҳолда
ўтди.
Бахтиёр Худоёрзода, Тожикистон сайлов ва референдумлар
бўйича марказий комиссияси раиси:
- Сайлов комиссияларининг
фаолияти ошкоралик ва очиқлик тамойилларига жавоб берди, одамлар ўз ҳуқуқидан эркин фойдаланди. Сайловчиларнинг ўз
иродасини эркин билдиришига таъсир кўрсатувчи қоидабузарликлар аниқланмади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

