Қосим-Жўмарт Тўқаев «Марказий Осиё — Корея Республикаси» бизнес саммитида нутқ сўзлади

Қосим-Жўмарт Тўқаев «Марказий Осиё — Корея Республикаси» бизнес саммитида нутқ сўзлади

2025 йилда Марказий Осиё мамлакатларининг ялпи ички маҳсулоти 550 миллиард долларга яқинлашган, ўртача ўсиш суръати 6 фоиздан ошган, бу -ўртача жаҳон даражасидан деярли икки марта юқори. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Сеулда бўлиб ўтган «Марказий Осиё — Корея Республикаси» бизнес саммитида мамлакатларнинг иқтисодий тараққиёти йўлидаги янги имкониятлар ҳақида сўз юритди. Давлат раҳбари фикрича, минтақанинг инвестициявий жозибадорлиги яқин савдо алоқалари ва транспорт салоҳиятига асосланади. Корея технологик ва молиявий имкониятлари билан уйғунлашган ушбу афзалликлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун катта истиқболлар очади. Қозоғистон бу йўналишда бирга ишлашга тайёр. Эслатамиз, минтақага киритилган бевосита хорижий сармоянинг 70 фоизи мамлакат ҳиссасига тўғри келмоқда.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


- Қозоғистон Ҳукумати қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқаришда Корея бизнесини қўллаб-қувватлайди. Ушбу мақсадда Қозоғистон-Корея ўртасида 2027-2030 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг мажмуавий дастури ишлаб чиқилади. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, биз сармоя муҳитини изчил такомиллаштириб, хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиб бермоқдамиз. «Altyn Visa» дастурининг жорий этилиши муҳим қадамлардан бири бўлди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев ўта муҳим материаллар соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, геология-қидирув, қазиб олиш, минераллар ва нодир металларни чуқур қайта ишлаш бўйича тўлиқ циклли сармоя лойиҳалари тўпламини шакллантиришни таклиф қилди. Портфелда транспорт, логистика соҳасидаги лойиҳалар ҳам бор. Қозоғистон Президенти сунъий идрок ва рақамли технология соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ имкониятларга эътибор қаратди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


- Биз бир қатор ўта муҳим ташаббусларни амалга оширмоқдамиз. Қуввати бир гигаватт бўлган «Маълумот марказлари водийси»ни қура бошладик. Кадрлар ва илмий салоҳият мустаҳкамланяпти. Биринчи ихтисослаштирилган университет - «Qazaq AI Research University» фаолиятини бошлади. Технологик ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун, агар бошқа фикрлар бўлмаса, «Alem.ai» базасида «Марказий Осиё - Корея» илғор технологиялар марказини ташкил этиш таклиф этилмоқда.


Давлат раҳбарининг маълум қилишича, ўтган йил якунларига кўра, Қозоғистонда рекорд даражада, 27 миллион тоннага яқин ғалла ҳосили олинган. Бугунги кунда мамлакат дунёнинг 70 дан зиёд давлатига 7 миллиард доллар ҳажмида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилмоқда. Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистоннинг улкан майдони ва Корея технологияларини бирлаштирган ҳолда ташқи бозорлар учун озиқ-овқат саноати кластери яратишни таклиф қилди. Бу Корея бизнесига фойда келтиради, Марказий Осиё учун мультипликатив самарани таъминлайди. Қозоғистон Президенти минтақанинг иқтисодий муваффақияти бешта давлатнинг барқарор ривожланиши билан боғлиқлигини яна бир бор таъкидлади. Жаҳоннинг технологик ва иқтисодий етакчиларидан бири бўлган Корея билан ҳамкорликни чуқурлаштириш эса Марказий Осиё салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.


Абдумалик Сарманов таржимаси