Хорижда 79 та сайлов участкаси очилади

Хорижда  79 та сайлов участкаси очилади

Қозоғистонликлар хорижда овоз беришига тайёргарлик якунланяпти. Қурултой депутатлари сайлови бюллетенлари 20 августга қадар чет эллардаги сайлов участкаларига етказилади. Қозоғистоннинг 61 та давлатдаги дипломатик ваколатхоналарида жами 79 та участка фаолият юритади. Республика бўйича ва унинг ташқарисида жами 10 минг 400 тадан зиёд сайлов участкаси очилган. Улар ҳақидаги маълумотларни электрон ҳукумат портали орқали текшириш мумкин. Эслатамиз, овоз бериш маҳаллий вақт билан эрталаб соат 7:00 да бошланади ва 20:00 да якунланади. Айрим участкаларда, шу жумладан, ҳарбий қисмларда, вахта посёлкаларида, шифохоналарда ва дипломатик ваколатхоналарда, агар рўйхатга киритилган барча фуқаролар овоз берган бўлса, комиссия овоз беришни эртароқ якунлаши мумкин.

Нурлан Абдиров, Қозоғистон Республикаси Марказий Сайлов комиссияси раиси: 

- Шуни таъкидлашни истардимки, халқаро кузатувчилар иштироки сайлов кампаниясининг шаффофлиги ва ошкоралигига хизмат қилади. Бу халқаро мажбуриятларга содиқлигимизни, шунингдек, сайлов соҳасида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан яқин ҳамкорлик ва ўзаро алоқаларимизни давом эттиришимизни тасдиқлайди.

МДҲ кузатувчилари миссияси сайловолди кампаниясини ижобий баҳолади. Оралиқ ҳисоботда иштирок этаётган барча партияларга сайловолди ташвиқоти учун тенг шароит - ҳам анъанавий, ҳам рақамли майдончалар яратилгани кўрсатилди. Оммавий тадбирлар учун 4 минг 300 тадан зиёд бино ажратилди, чоп этилган тарғибот материаллари осилиши учун 8 мингтадан кўпроқ жой белгиланди. Кузатувчилар сайловчиларни хабардор қилишнинг рақамли воситалари - Sailau AI, eGov, СМС-хабарномалар ва банк иловалари аҳамиятини алоҳида таъкидлади. МДҲ миссияси овоз бериш жараёнидан сўнг сайловга якуний баҳо беради.

Абдумалик Сарманов таржимаси.