Қозоғистон ва Нидерландия қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Қозоғистон ва Нидерландия қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Сутчилик фермалари, иссиқхоналар ва қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш замонавий технологиялари. Астанада бўлиб ўтган KazAgroFarm-2026 халқаро кўргазмасида 25 мамлакатдан 300 дан ортиқ компания ўз ишланмаларини тақдим этди. Иштирокчилар орасида Нидерландия корхоналари ҳам бор. Улар чорвачилик ускуналари, генетика соҳасидаги ютуқлар ҳамда молхоналар учун замонавий тизимлар таклиф этади. Голландия бизнеси янги ҳамкорлар топиш ва қўшма лойиҳаларни ишга туширишдан манфаатдор.

Икки давлат ҳамкорлиги аниқ натижалар бера бошлади. Қозоғистонда Голландияда чиқарилган 410 дан ортиқ ўсимлик навлари ҳамда дурагайлари рўйхатга олинган, 53 таси синовдан ўтказилмоқда. Томонлар сутчиликни рақамлаштириш лойиҳасини яратиш тўғрисида меморандум имзолади. Ўтган ҳафта Қозоғистон делегацияси Нидерландиянинг тадқиқот марказлари, иссиқхона ва балиқчилик хўжаликларига ташриф буюрди. Голландиялик мутахассислар мамлакат бозорининг салоҳиятини ҳамда Қозоғистон корхоналарининг янги ечимларни жорий этишга тайёрлигини таъкидлади.

Мириам Букестейн, «DUTCH GREENHOUSE DELTA» компанияси Бош директори:

- Биз боғдорчилик соҳасида бизнес, давлат тузилмалари ва таълим муассасаларини бирлаштирамиз. Мақсад: озиқ-овқат маҳсулотлари, гуллар ҳамда ўсимликларни маҳаллий шароитда барқарор етиштиришни йўлга қўйиш. Боғдорчиликда Нидерландия билан Қозоғистон кўприги яратмоқчимиз.

Йелле Ван Горсел, «EAST–WEST TRADE» компаниясининг лойиҳалар бўйича менежери:

- Биз Қозоғистонда ривожланишга интилишни кўрмоқдамиз. Унда янги ечимларни жорий этиш билан бирга барқарор равишда унумдорликни ошириш учун маблағ, хоҳиш ва мотивация мавжуд. Нидерландия эса жуда кўп бетакрор инновацияларга эга мамлакат.

Ўзаро қизиқиш савдода ўз аксини топмоқда. Ўтган йили Қозоғистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Нидерландияга экспорти 2,5 баробарга ошди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари айланмаси учдан бир қисмга ошди ва 135,5 миллион долларга етди. Қозоғистон улуши қарийб 50 миллионни ташкил этди. Ижобий динамика жорий йилда ҳам сақланиб қолмоқда. Саккиз ойда ўзаро савдо ҳажми 109 миллион долларга яқинлашди. Қозоғистон Европа бозоридаги иштирокини кенгайтириш ниятида.

Мартейн Вейтенс, Нидерландия Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Халқаро ишлар бўлими бошлиғи:

- Биз қозоғистонлик ҳамкасбларимиз билан аграр иқтисодиётнинг деярли барча соҳаларини муҳокама қиламиз. Ўзимиз учун қизиқарли йўналиш - қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш йўлидан бормоқдамиз. Бу, албатта, барчамиз учун жиддий чорлов.

Абдумалик Сарманов таржимаси.