Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтадиган «Astana AI Film Festival»га 125 та мамлакатдан 8 мингдан ортиқ фильм соврин учун курашади. Асарлар фантастика, анимация, драма, комедия сингари 19 та жанрга оид. Бир ярим дақиқалик роликлар ҳам, тўрт соатдан зиёд давом этадиган фильмлар ҳам бор. Асарларнинг умумий хронометражи 100 минг дақиқадан зиёд. Энг кўп асар АҚШ, Қозоғистон, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Кореядан келди. Фильмларнинг 40 фоиздан кўпроғи танловнинг асосий шарти - «Яшашга арзийдиган келажак» мавзусида. Уларни яратиш учун режиссёрлар, мустақил жамоалар ва сунъий интеллект ижодий саноати мутахассислари 80 дан ортиқ генератив моделлардан фойдаланди. Улар орасида Suno AI, Kling, GPT Image ва ElevenLabs ҳам бор. Ҳозирда ташкилотчилар энг яхши ишларни саралаяпти. Октябрь ойида финалга чиққан фильмлар Астана кинотеатрларидан бирида, катта экранда томошабинларга тақдим этилади.
Алмас Жали, «Astana AI Film Festival» ҳаммуассиси ва кенгаш раиси:
- Бизнинг асосий мақсадимиз фақат мамлакатимиз шон-шуҳратини ошириш эмас. Балки Астана ва юртимизни дунёнинг илғор мамлакатлари AI харитасига киритиш. Ўзингиз биласиз, давлат раҳбари 2026 йилни "Сунъий идрок йили" деб эълон қилди. Мамлакатда ижодий сунъий интеллект муҳити мавжуд, шунинг учун ташаббусларни илгари суриш анча осон бўлди. "Astana AI Film Fest" - фақат бошланиши. Сунъий идрок бўйича турли соҳада кўплаб танловлар ўтказилади.
Эслатамиз, «Astana AI Film Festival» мукофот жамғармаси 2 миллион долларгача кўтарилди. Бир миллиони танлов ғолибларига берилади. Тадбиркор ва инвестор Балажи Сринивасан яна шунча маблағни истиқболли AI жамоаларини қўллаб-қувватлашга йўналтиради. Маблағ муаллифларга Қозоғистонда туриб фильмлар устида ишлашни давом эттириш, ўз лойиҳаларини ривожлантириш имконини беради. Асосий шарт - «Astana Hub»да рўйхатдан ўтиш. Инвестор мамлакатимизда замонавий киносаноат учун катта имкониятлар кўраётганини айтди.
Балажи Сринивасан, инвестор:
- Дунёда электр энергияси энг арзон мамлакатлардан бири — Қозоғистон. Бу ерда сунъий идрок ва криптовалюталар фаол ривожланмоқда. Республика малакали мутахассислар жалб қилиш учун очиқ. Биринчи навбатда, интернетга эътибор бериляпти. Президент Тўқаев айтганидек, у дунёнинг биринчи рақамли давлатларидан бири бўлишга интилаётган мамлакат. Кино ишлаб чиқариш учун зарур бўлган эски инфратузилмалар ўтмишга айланяпти. Ва, менимча, интернетдаги янги авлод Голливуди айнан шундай кўриниш олиши мумкин.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

