Астанада Қурултойнинг биринчи сессияси ўтказилди

Астанада Қурултойнинг биринчи сессияси ўтказилди

Қозоғистонда тарихий воқеа юз берди - биринчи чақириқ Қурултой, мамлакатнинг янги бир палатали қонун чиқарувчи органи ўз ишини бошлади. Биринчи сессияни Қосим-Жўмарт Тўқаев очди. Президент Қурултой иш бошлаши мамлакат тарихидаги янги саҳифа, сиёсий тизимни янгилаш жараёнининг дебочаси, деб атади. Депутатлар қонунчиликни янги Конституцияга мувофиқлаштириши, қонун сифатини таъминлаши керак. Бир палатали Парламентнинг ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Қурултой ҳокимиятнинг суд ва ижро этувчи тармоқларини шакллантиришда иштирок этади, республика бюджетининг ижроси тўғрисидаги Олий аудиторлик палатаси ҳисоботларини тасдиқлайди, шунингдек, Ҳукуматга ишончсизлик билдириши мумкин бўлади. Президентга кўра, депутатларнинг асосий вазифаси - сайловчиларнинг кўрсатмалари ва давлат манфаатларига хизмат қилишдан иборат.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Қонунлар адолатли, одамларга тушунарли ва тараққийпарвар, яъни замон талабига жавоб бериши керак. Улар фуқароларнинг тақдири ва ҳаётига дахлдор, демак, ҳар бир меъёр, ҳар бир банд синчиклаб кўриб чиқилиши, ҳар томонлама муҳокама қилиниши керак. Пировардида, Қурултой мамлакат қонунчилиги замон талабига мос равишда модернизация қилинишини таъминлаши лозим. Миллий манфаатлар, жамиятнинг долзарб талаблари ва замонавий жаҳон тенденцияларини инобатга олган ҳолда, бу ишларни тез ва сифатли амалга ошириш зарур.

Биринчи сессиянинг устувор йўналишлари орасида муҳим қонун лойиҳалари жамламаси бор. Ҳукумат сунъий интеллект ва рақамли активлар соҳасида ишлаши, депутатлар эса миграция сиёсатидаги ўзгаришларни қисқа фурсатда кўриб чиқиши керак. Президент , энергетика соҳасидаги лойиҳалар устида ишни жадаллаштириш, онлайн платформалар ва оммавий ахборот воситаларини тартибга солишга эътибор қаратишга чақирди. Яна бир йўналиш - имконияти чекланган болаларни қўллаб-қувватлаш ва ёш авлод учун, шу жумладан, интернетда, хавфсиз муҳит яратиш. Сунъий интеллект орқали ҳам қонун яратиш сифатини ошириш таклиф этилди. Президент ташаббуси билан "E-Parliament" ахборот тизими ишлаб чиқилмоқда ва уни Қурултой фаолиятига жорий этиш режалаштирилган. Давлат раҳбари рақамли технологиялар профессионал ҳуқуқий экспертиза ўрнини боса олмаслигини таъкидлади. Қурултойнинг ўзи умуммиллий мулоқот майдонига, давлат ва халқ ўртасидаги боғловчи бўғинга айланиши керак. Муҳим қарорларни очиқ мулоқот орқали ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


- Халқ сизга умид боғлаган. Сиз бу ишончни оқлашингиз, жамиятга амалда фойда келтирадиган ишлар билан шуғулланишингиз керак. Барча қарорларингиз мамлакат тақдири ва давлат келажагига бевосита таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳар бир қадамни яхшилаб ўйлаб кўриш зарур. Шахсий манфаатлар эмас, мамлакат манфаатлари биринчи ўринда туриши лозим.


Президент бўлажак кадрлар бўйича қарорлар ҳақида маълум қилди. Қурултой тузилмаси шакллантирилгандан сўнг, Қосим-Жўмарт Тўқаев Вице-президент ва Бош вазир номзодларини депутатлар муҳокамасига киритади. Маслаҳатлашувлардан сўнг Ҳукуматнинг янги таркиби тасдиқланади. Шунингдек, Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари тайинланиши режалаштирилган. Асосий ҳокимият органлари шакллантирилгандан сўнг, Давлат раҳбари ҳар йилги халққа Мактубини тақдим этади. Сентябрь ойининг иккинчи ярмида Қозоғистон Халқ Кенгаши шакллантирилади. Янги маслаҳат органи мамлакатнинг этник, минтақавий, ижтимоий ва ижтимоий-сиёсий хилма-хиллигини акс эттиради, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини олади. Президентга кўра, бу қарорлар деярли барча асосий ҳокимият институтларини янгилаш имконини беради, бу сиёсий ислоҳотларга янги суръат бағишлайди.


Абдумалик Сарманов таржимаси.